Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Кенгашга нима бўлди?


Ҳакимбек Бундан икки йилча муқаддам Ўзбекистонда Бош муҳаррирлар кенгашини ташкил этиш ҳаракатлари бошланган эди. Аммо бу ҳаракатлар охирига етмай тўхтаб қолганиданми ёки ташаббус Бош муҳаррирларда қизиқиш уйғотмаганиданми, унинг илк йиғилишида нима масалалар кўтарилганини иштирокчилардан кўпчилик эслай олмайди.

“Правда востока” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасановнинг сўзларига қараганда, бу кенгаш нашрлар олдига турган муаммоларни бамаслаҳат ҳал этиш, ўзаро тажриба алмашишни мақсад қилган эди. Кенгаш бир-икки марта йиғилиш ўтказган. Бироқ фаолиятини доимий йўлга қўя олмаган.

Маълум бўлишича, кўпчилик бош муҳаррирлар тузилажак кенгашнинг журналистлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига эришиш каби эзгу мақсадларига ишонганлиги боис, кенгаш ҳақида мақолалар ёзган. Айримлар ҳатто кенгаш журналистнинг фаолият эркинлигини таъминлайди, деган мазмунда башоратлар қилган. Аммо кенгашнинг илк йиғилишидаёқ бош муҳаррирларнинг умиди пучга чиққан. Баъзи журналистларнинг хотирлашича, бу йиғилишда “Ҳуррият” ва “Моҳият” газеталари дадил танқидий чиқишлар учун танқид қилинган.


Б.Ҳасановнинг таъкидлашича, агар кенгашни тузиш ташаббуси сунъий бўлмаганида қандайдир ижобий натижага эришиш мумкин эди. Кенгаш фаолияти тўхтаб қолганига кўпгина бош муҳаррирлар ўз ташвиши ва ишига ўралашиб қолиб, унинг фаолияти эътибор бермагани ҳам сабаб бўлиши мумкин.

“Озодлик” мухбири Матбуотчилар уйида бўлганига бир вақтлар кенгашни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан айрим муҳаррирлар бугун у ҳақда эслашни ҳам истамаётганига гувоҳ бўлди.

Мадомики шундай экан, аслида кенгашга эҳтиёж бормиди, деган савол туғилади.

“Ҳуррият” газетасининг собиқ бош муҳаррири, ҳозир “Олтин мерос” жамғармасини бошқараётган Амирқул Каримовнинг фикрича, бундай кенгаш фаолияти фойдадан холи эмас. Агар унинг мақоми демократик мамлакатлардаги шу каби ташкилотларники даражасида бўлса, янада аъло иш бўлади.

“Исроилда ҳам Бош муҳаррирлар кенгаши бор. Бу давлатда баъзи ўринда цензура керакми ёки йўқми, деган масала ўртага ташланганда жамиятда иккига бўлиниш пайдо берган. Бу ғояга тарафдорлар ва қаршилар ўртасида кескин баҳс-мунозаралар юзага келган. Шундай вазиятда давлат бу масалада ҳукм чиқаришни Бош муҳаррирлар кенгашига топширган”, деди А.Каримов.

Мазкур мавзуда мулоҳаза юритган журналистлардан бирининг айтишича, ҳар қандай жамиятда яхши ташаббуснинг амалга ошиши учун эркинлик муҳити зарур. Бундай муҳит йўқ жамиятда яхши томонга ўзгаришни кутиш мумкин эмас.
XS
SM
MD
LG