Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:12

Марказий Осиё мамлакатлари олимларининг глобал иқлим исиши муаммосига бағишланган Алмати йиғилиши


Тўлқин Сўнгги йилларда глобал иқлим исиши ҳодисаси дунё олимларини жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Марказий Осиё мамлакатлари эколог олимлари иқлим исишига қарши чора-тадбирлар кўриш бўйича изланишлар олиб бормоқда. 4 октябр куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари эколог олимларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда атроф-муҳит билан боғлиқ ўзгаришларнинг минтақа табиатига таъсири масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда иштирок этган эколог олимларга кўра, глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиё минтақаси табиатига ҳам таъсир этмоқда. Хусусан, бу жараён оқибатида минтақада дарё, сув ҳавзалари ва кўлларда сув миқдори бир қанча камайган. Бу ҳақда йиғилиш иштирокчиларидан бири Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги вакили Муҳаммадқурбон Ўрозов “Озодлик” радиоси қозоқ хизмати мухбирига берган интервьюсида, жумладан, бундай деди:

“Глобал иқлим исиши Марказий Осиёда дарёлар ва кўллар сувининг камайишига, сув етишмовчилигига сабаб бўлади, шунингдек, Орол тақдирига салбий таъсир кўрсатади” .

Оролнинг қуриши Марказий Осиё мамлакатларининг барчасига таъсир қилувчи муаммодир. Йиғилишда қатнашган қозоғистонлик эколог олим, Қозоғистондаги “Табиат” ташкилоти етакчиси Мелс Элеусизов иқлим ўзгариши оқибатида келажакда минтақадаги бошқа сув ҳавзалари ёки кўллар аҳволи Орол тақдирига ўхшаб кетиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирди:

“Орол билан боғлиқ қийинчиликлар ҳали олдинда. Уни ҳадеб қуритаверсак, бу яхшиликка олиб бормайди. Табиатни ўзгартирамиз, деймиз. Бироқ биз ўзимиз аслида табиатнинг бир жимитдеккина қисмчасимиз”.

Ҳозирда минтақада сув танқислиги, Оролнинг қуриши каби муаммолар мавжуд бўлиб турган бир пайтда, Туркманистонда сунъий кўл яратиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Аммо Туркманистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги вакили Муҳаммадқурбон Ўрозов кўра:

“Сунъий кўл Марказий Осиё мамлакатлари табиатига таъсир кўрсатмайди. Сабаби — бу кўл учун биз сувни айнан Туркманистон ҳудудида мавжуд бўлган шўр сувлардан оламиз”.

Бироқ Алмати учрашувида қатнашган “Экологик тоза Фарғона учун” номли Ўзбекистондаги ташкилот етакчиси Иброҳим Домуллажонов туркманистонлик вакил фикрига қўшилмаслигини билдирди:

“Инсоннинг табиатни ўзгартиришга бўлган ҳар қандай ўриниши албатта табиий инқирозга олиб келади”.

Айни пайтда, қозоғистонлик эколог Асилхан Ортиқпаевга кўра эса, Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг сунъий кўл яратиш лойиҳаси минтақа табиати учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Бунинг сабабини Асилхан Ортиқпаев бундай тушунтиради:

“Ер остида Орол ва Каспий ўртасида боғланиш бор. Бу ер ости туйнуги қадимдан мавжуд бўлиб келган. Шу боисдан агар Орол суви пасайиб кетса, Каспий кўтарилган ёки Каспий суви камайса, Орол суви кўпайган. Баъзи эколог олимлар тахминларига кўра, совет ҳукумати даврида Орол тубида икки марта водород бомбаси синаб кўрилган ва шунинг оқибатида Каспий ва Орол ўртасидаги ер ости боғланиши бекилиб қолган. Шу сабабдан ҳозир ҳам Каспий суви кўпайиб, Орол қуриб бормоқда. Туркманбошининг сунъий кўл яратиш лойиҳасига келсак, бу табиатга салбий таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман”.

Асилхон Ортиқпаевнинг бу фикрига унинг ҳамкасби Мелс Элеусизов қўшилмаслигини билдирди. Элеусизовга кўра, айнан инсоннинг табиатни ўзгартиришга бўлган ҳаракати оқибатида Орол муаммоси келиб чиққан. Энди Туркманистон сунъий кўл яратса, бу кўл Орол қисматини такрорлаши мумкин, деди у.

“Туркманистон сунъий кўл учун сувни қаердан олади? Табиийки, Амударёдан. Амударё ўз сувини Оролга қуяди. Ундан Туркманистон ҳам сунъий кўл учун сув олса, Оролга қуйиладиган сув камаяди. Бундай тажриба керак эмас”.

Алматидаги учрашувда иштирок этган Марказий Осиё мамлакатлари олимларининг кўпчилиги минтақа ҳудудида янги сунъий кўл яратиш лойиҳасини зарарли, деган фикрда бўлса-да, уни муаммо сифатида кўтаришга хоҳиш билдирмади. Сабаби — бу сиёсий масала, дейди улар.
XS
SM
MD
LG