Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Олимнинг иши осонлашди


Феруза Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) мамлакатда сўнгги 12 йил давомида ҳимоя қилинган илмий ишларнинг электрон фондини яратди.

ОАК вакилининг билдиришича, фонддан 1992 йилдан 2004 йилгача ҳимоя қилинган номзодлик ва докторлик диссертациялари, уларнинг муаллифлари тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган. Электрон кутубхонада булардан ташқари аннотациялар, тадқиқотлар натижасида эришилган илмий ютуқлар ва хулосалар ҳам жойлаштирилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика ва автоматлаштириш институти ходими, техника фанлари номзоди Аҳмад Қудратиллаев мазкур фонд ташкил этилиши катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Унинг айтишича, электрон фонд олимлар ишини бир қадар енгиллаштиради. Улар ўзларига керакли маълумотларни тез ва тўлиқ олиш имкониятига эга бўлади.

Ёш олим Жасур Акбаровнинг сўзларига кўра, шу вақтгача Ўзбекистон илм-фанида мукаммал статистика юритилмаган. Электрон фондни яратиш ҳам статистик маълумотларни йиғиш эҳтиёжидан келиб чиққан.

ОАК вакилларидан бирининг маълум қилишича, ҳозирча электрон фондга фақат Гулистон давлат университети ва Қўқон давлат педагогика институтигина уланган. Аммо истиқболда мамлакатдаги барча илмий муассасалар ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу электрон кутубхона нафақат олим ва тадқиқотчилар, аспирант ва талабалар, балки таълим тизимида меҳнат қиладиган кишилар учун муҳим маълумотлар базасидир.
XS
SM
MD
LG