Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади


Куни-кеча Россия ички ишлар вазири Рашид Нургалиев мамлакатда ноқонуний ишлаётган шахсларни депортация қилиш ёки чиқариб юборишни назарда тутувчи буйруққа имзо чекди. Бу буйруқ ўзбекистонликлар тақдирига ҳам бевосита таъсир этади. Зеро, Россияда, айрим манбаларга кўра, юз минглаб ўзбеклар меҳнат қилмоқда. Ўз юртида иш тополмай ўзга элларда мардикорликни ихтиёр этган ўзбеклар тирикчиликнинг бу манбаидан ҳам маҳрум бўладиган кўринади.

Россияда мардикорлик қилаётган ўзбекларнинг айтишича, сўнгги вақтларда милиция текшируви жуда кучайган. Шу боис, мардикорлар иш жойидан ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилади. Чунки милиционерлар ушлаб олса, улар суд қилиниб, жаримага тортиляпти, сўнг мамлакатдан депортация қилинмоқда.

Россия ички ишлар вазирининг буйруғи 3 октябридан бошлаб кучга кирди. Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Фуқаролик кўмаги қўмитаси мутахассиси Людмила Гендер бу буйруқ Россиядаги маркидорлар фаолияти ва яшашини янада оғирлаштиришини таъкидлади.

“Бу адолатсизликнинг ўзгинаси. Зеро, буйруқ Россияга яқинда келган кишиларгагина эмас, узоқ йиллардан буён ишлаётганларга ҳам тегишли. Улар мамлакатга келганида миграция картаси деган тартиб-қоиданинг ўзи йўқ эди. Шу боис, улар чегарадан қонуний ўтган ҳисобланмайди”, деди Л.Гендер.

Л.Гендернинг сўзларига кўра, мардикорлар Россияда ҳеч қандай ҳуқуқларга эга эмас. Уларнинг паспортини иш берувчилар олиб қўяди, арзимаган иш ҳақи беради. Гастарбайтерлар ноинсоний шароитларда яшайди, кўчага чиқарилмайди, қуллардек кун кечиради. Кўп ҳолларда бундай аҳволга тушишга гастарбайтерларнинг ўзлари ҳам айбдор. Чунки улар қонунни билмайди. Россия ҳудудида бемалол юриш учун миграция ҳужжатларига эга бўлиш лозим. Гарчи мазкур қонунлар анча қаттиқ бўлса-да, унга риоя этиш керак.

Л.Гендернинг таъкидлашича, қачонки ёлловчининг қўлида хорижий ишчи кучидан фойдаланиш тўғрисида шартнома бўлмаса, у қаллобдир. Шунинг учун мардикорлар оғзаки шартномаларга рози бўлмаслиги керак.

“Мемориал” мутахассиси бу муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро келишувга эришиш эканини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг маълум қилишича, МДҲ давлатлари ўртасида меҳнат миграцияси тўғрисида шартнома тузиш ҳақида анчадан буён гап-сўз юрибди. Лекин муаммо ҳал этилмай қоляпти.

“Россиядаги илғор фикрли зиёлиларнинг айтишича, муаммонинг юзага келишида хорижлик мардикорларнинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ. Барча айб мардикорларни ноқонуний ишлатишга йўл очиб бераётган Россия қонунчилигида. “Тадбиркор”лар, биринчидан, одамларни ноқонуний ишлатаётган бўлса, иккинчидан, ўз давлатига хиёнат қилмоқда. Таажжубли томони шундаки, кишиларни қулдан ишлатган бундай шахслар ҳеч қандай жиддий жавобгарликка тортилмайди”, деди И.Зокиров.

И.Зокировнинг фикрича, давлатлараро меҳнат шартномаси тузиш учун, аввало, Россияда хорижлик ишчи кучидан фойдаланиш тўғрисида қонун ишлаб чиқиш керак.
XS
SM
MD
LG