Линклар

logo-print

35 маҳбус "харакири" қилди

  • Сарвар Усмон

Қозоғистондаги қамоқхоналардан бирида 500 маҳбус очлик эълон қилиб, уларнинг 35 нафари ўзини жароҳатлади. Ўтган ҳафтанинг охирида рўй берган бу воқеадан оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Озодлик мухбирлари куни кеча хабар топди.

Маълум бўлишича, воқеа Шимолий Қозоғистон вилояти маркази – Петропавловск шаҳридаги 164-3 рақамли колонияда юз берган. Маҳбуслар колония бошлиғининг ишдан бўшатилишини талаб қилиб, очлик эълон қилган, ўз танига жароҳат етказган.

Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жазони ўташ муассасалари қўмитаси Шимолий Қозоғистон вилоят бошқармаси бошлиғи Бақитжан Садибековдан олинган маълумотга қараганда, рўй берган воқеа юзасидан вилоят прокуратураси ички ишлар бошқармаси билан жиноят иши очган, тергов бошланган. Турма бошлиғи ўз вазифасидан вақтинча четлатилган.

Маълум бўлишича, мазкур колонияда аввалроқ икки маҳбус ўзини ўзи осиб қўйган.

Озодлик мухбирлари воқеа тафсилотларини яхшироқ билиш мақсадида Шимолий Қозоғистон вилояти прокуратураси матбуот котиби Гулноз Шарипова билан ҳам боғланди. Бироқ, прокуратура вакили ҳозирча, расмий маълумот йўқ, дейиш билан чекланди.


Озодлик радиоси Шимолий Қозоғистон вилоятидаги мухбирининг аниқлашича, турма бошлиғи, полиция капитани Наил Ахметов ўз лавозимига шу йилнинг июль ойида тайинланган. Ўшандан буён жазо муддатини ўтаётганлардан 4 нафари ўз жонига қасд қилган, улардан иккиси - ўзини осганлари - ўлган.
Ўтган шанба куни рўй берган энг сўнгги воқеа эса, Озодлик мухбири Роза Риспайқизининг аниқлашича, бундай бўлган: 15 киши ўз қорнига пичоқ тортиб, прокурорнинг келишини талаб қилган, прокурорнинг кўз олдида эса, яна 20 одам худди шу ишни қилган. Вилоят прокуратураси билан ички ишлар бошқармаси жиноят иши қўзғаган.

Маълум бўлишича, Шимолий Қозоғистондаги 164-3 рақамли колонияда рўй берган воқеага ўхшаш ҳодисалар Қозоғистоннинг бошқа турмаларида ҳам учраб туради. Аввалроқ Қўстанай вилояти, Арқалиқ шаҳридаги турмада милиция ходимлари маҳбусларни беаёв калтаклагани шов-шувга сабаб бўлган эди. Қозоғистон парламенти депутати Рамазон Серпеков мазкур инцидент юзасидан изоҳ сўраб, ҳукуматга мурожаат қилган эди. Депутат, ҳукуматдан Арқалиқ турмасидаги воқеа туфайли икки милиция ходими устидан жиноий иш қўзғатилган, деган жавобни олганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистондаги халқаро бюро раиси Евгений Жовтис Арқалиқ турмасидаги воқеага расмийлар жиноят олами вакиллари атайлаб уюштирган, деб баҳо берганини айтар экан,

Петропавловск турмасидаги воқеага ҳам охир-оқибат шунга ўхшаш баҳо берилиши мумкин, деди.

17 ой ҳибсда сақланиб, сўнгра оқланиб чиққан Қуат Далабаев Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай деди:

"Қамалиб ётган одамларнинг ҳуқуқлари мутлақо ҳимояланмайди. Айбинг бўлса ҳам, бўлмаса ҳам айбдорсан. Берадиган овқатини ит ҳам емаса керак."

Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистондаги халқаро бюро раиси Евгений Жовтиснинг фикрича, Петропавловск турмасида рўй берган воқеани ўрганиш учун махсус комиссия тузиш ва унинг таркибига инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, нодавлат ташкилотлар вакилларини киритиш лозим. Шундай қилинсагина, ҳодиса ҳар томонлама ўрганилиши, одил хулоса чиқарилиши мумкин.

Жазони ўташ муассасалари қўмитаси Шимолий Қозоғистон вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўнғарбек Мустафиндан олинган маълумотларга қараганда, ўз танига жароҳат етказган 35 маҳбус ҳаёти хавф остида эмас. Улар колониянинг тиббиёт бўлимида даволанаяпти. Вазият ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари назоратида.
XS
SM
MD
LG