Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:21

Ўзбекистонда ўзгариш йўқ


БМТнинг Савдо ва тараққиёт дастури дунё мамлакатларида тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ва хорижий сармояларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўрни ҳақидаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш бўйича жиддий ўзгаришлар кузатилмаган. Масалан, 2002 йилда бу турдаги хорижий сармояларнинг умумий миқдори 65 миллион долларни, 2003 йилда эса 70 миллион долларни ташкил этган. Қозоғистон эса ўтган йили 2 миллиард 68 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри сармоя жалб эта олган.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Ники Андерсен Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ҳисоботни тақдим этар экан, унинг Ўзбекистонга оид қисмига алоҳида тўхталди. Н.Андерсен мамлакатда тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилиш бўйича ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаётганини эътироф этди.

Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси ўринбосари Шаҳло Абдуллаева ҳисоботда келтирилган даъволарни инкор қилди.

“Биз БМТ тайёрлаган ҳисобот ва ўзимиздаги маълумотлар ўртасида мавжуд фарқдан ҳамиша ажабланар эдик. Шу боис, ўтган йили бу фарқ сабабларини аниқлаш мақсадида тадқиқот олиб борилди. Маълум бўлишича, БМТнинг Савдо ва тараққиёт дастури ҳисоботларига Ўзбекистонга оид айрим маълумотлар киритилмай қолмоқда. Масалан, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш вақтида хорижий сармоялар билан ишлаётган корхоналар дастлаб сармоянинг 30 фоизини низом шартномасига киритади. Қолган 70 фоиз сармоя эса бир ёки икки давомида киритилади. Статистикада ана шу 30 фоизгина ҳисобга олиняпти. Иккинчидан, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтадиган корхоналар сармояси 150 минг доллардан кам бўлмаслиги керак. Бироқ вилоятларда бундан кам хорижий сармоя билан ишлаётган корхоналар жуда кўп ва улар ҳам ҳисобда йўқ. Учинчидан, аксарият хорижий сармоядорлар маблағларини йил давомида ётқизади, БМТ ҳисоботига эса дастлабки миқдор қайд этилмоқда холос”, деди Ш.Абдуллаева.

Ш.Абдуллаеванинг таъкидлашича, мамлакатга хорижий сармоя киритиш ҳажми ўтган йили 2 фоиз кўпайган.

Ш.Абдуллаева Ўзбекистон бундан буён БМТнинг Савдо ва тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ишлашини, бунинг учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилганини маълум қилди. Унинг айтишича, дастур вакиллари Ўзбекистон томонининг таклифларини инобатга олса, мавжуд тушунмовчиликлар барҳам топади.
XS
SM
MD
LG