Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Ўта муҳим аҳамиятга эга станция қачон тикланади?


Саида 1999 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Тожикистон орқали Қирғизистоннинг Боткен вилоятига бостириб кирганида тоғдаги иқлим ўзгаришини ўрганиш станциясини портлатиб юборган эди. Мазкур станция ҳали ҳам қайта тиклангани йўқ.

Мутахассисларнинг эътирофича, станция ишдан чиқарилгач, бу ҳудуддаги музликлар ва тошиб кетиш хавфи катта бўлган кўлларни доимий назорат қилиш имконияти йўққа чиққан. Шунингдек, гидрометеорологик кузатувлар ҳам қисқарган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шу ҳудудда жойлашган Абрамов музлигини ўрганиш натижасида юз бериши мумкин бўлган сув тошқинлари ҳақида аниқ маълумотлар олинарди. Аммо, мана беш йилдирки, станция ишламаётгани сабабли кузатув олиб борилмаётир. Бу эса Ўзбекистон ва Қирғизистонни табиий офатлар қаршисида ҳимоясиз қолдирмоқда.

Маълумотларга кўра, иқлим ўзгаришини ўрганиш станцияси Қирғизистон ҳудудида - денгиз сатҳидан 4 минг метр баландликда жойлашган бўлиб, у Тошкентдаги Марказий Осиё гидрометеорология илмий текшириш институтига қарашлидир.

Мазкур институт вакилининг сўзларига қараганда, бу каби станциялар дунёда бармоқ билан санарли бўлиб, бу ерда йигирмадан ортиқ аъзога эга экспедиция мунтазам иш олиб борган. Сайёрамизда иқлим исиши кузатилаётган ҳозирги даврда станциянинг аҳамияти янада ошади. Бу муассаса Марказий Осиё давлатларида табиий офатлар олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Фарғона вилояти гидрометеорология хизматининг об-ҳавони ўрганиш бўлими бошлиғи Абдухолиқ Тешабоевнинг айтишича, водийда асосий сув тошқини таҳдиди Абрамов музлигидан кутилади. Дунёдаги иқлим исиши билан боғлиқ жараёнлар мазкур музликда акс этади. Шунинг учун бу жараёнларни ўрганишда станция бебаҳо ўрин тутади.

Гидрометеорология институтининг ўз исмини ошкор этишни истамаган ходими “Озодлик” мухбирига билдиришича, станцияни қайта тиклаш масаласи бир неча марта кўтарилган. Лекин Ўзбекистон томони бунга маблағ топа олмаётир. Чунки станцияни тиклашга 10 миллион доллар талаб этилади. Шунга қарамай, мутахассислар станция фаолиятининг ҳеч бўлмаганда қисман тикланишидан умидвордир.
XS
SM
MD
LG