Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

Алишер Азизхўжаев вазир бўлди


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Президентининг фармонига биноан шу вақтгача Бош вазир ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Алишер Азизхўжаев Маданият ва спорт ишлари вазири лавозимига тайинланди.

Фармонда А.Азизхўжаевнинг Бош вазир ўринбосари мақоми сақлаб қолинган-қолинмагани ҳақида бирорта сўз йўқ. Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодиров ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, маданият ва спорт тизимини шу соҳанинг билимдон мутахассиси бошқарса, кутилган натижага эришиш мумкин. А.Азизхўжаев эса бу соҳаларга бевосита алоқадор мутахассис эмас. Шунинг учун бу тайинланиш мамлакат учун ютуқ бўла олмайди.

Т.Йўлдошевнинг таъкидлашича, ҳозирги кадрлар сиёсатидаги ўзгаришлар мамлакатдаги аҳволнинг яхшиланишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Чунки Ўзбекистондаги мавжуд давлат тизими кадрларнинг ўз салоҳиятини намоён этишига йўл қўймайди.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқов Ўзбекистонда маданият ва спорт вазирлигини стратегик ривожлантириш мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, А.Азизхўжаев соҳа раҳбарлигига тайинланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Мамлакатда бошқарув тизимини қайтадан тузиш зарурият бўлиб қолди. Шунинг учун А.Азизхўжаевнинг вазирликка тайинлангани ижобий роль ўйнаши мумкин”, деди М.Абдураззоқов.

Маданият ва спорт ишлари вазири этиб тайинланган А.Азизхўжаев юридик фанлари доктори илмий даражасига эга бўлиб, илгари Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосари, Давлат ва жамият қурилиши академияси ректори каби лавозимларда хизмат қилган.
XS
SM
MD
LG