Линклар

Хоразмда қанд касалига чалинганлар кўпаймоқда


Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Хоразм вилоятида аҳоли ўртасида қанд касалига чалинган беморлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани қайд этилмоқда.

Вилоят эндокринология диспансери бўлим мудираси Гулсара Ҳажиеванинг таъкидлашича, ҳақиқатан ҳам вилоятда қандли диабетнинг бирмунча кўпайгани кузатиляпти. Айни пайтда Хоразмда бу хасталикка чалинган 6 мингга яқин бемор рўйхатга олинган.

Г.Ҳажиеванинг сўзларига қараганда, тез-тез очқаш, кўп сув ичиш, ҳаддан ташқари озиб кетиш қандли диабетнинг белгиларидир. У асаб хасталиклари, сурункали касалликлар натижасида келиб чиқади. Шунингдек, нотўғри овқатланиш ҳам диабетни келтириб чиқариши мумкин. Бу касаллик наслдан-наслга ўтади. Вилоятда ёшлар ўртасида ҳам диабетга чалиниш ҳолатлари учраяпти.

Хонқалик 58 ёшли Муяссар Отажонова ҳам қанд касали билан оғриган. Унинг айтишича, қишлоқ аёллари ўз соғлиғи ҳақида умуман қайғурмайди.

Маълум бўлишича, қандли диабет вақтида даволанмаса, оғир асоратларга олиб келади. Кўпинча одамлар ўзича даволанишга ҳаракат қилади. Бу бир тарафдан ўз соғлиғига эътиборсизлик бўлса, иккинчи томондан иқтисодий муаммоларга бориб тақалади. Беморларнинг мазкур касалликдан ўз уйида ўлиши ҳолатлари кузатиляпти. Лекин эндокринология диспансерида бундай ҳолат қайд этилмаган.

Шифокорларнинг эътирофича, ҳаддан ташқари кўп сиқилиш ҳам қандли диабетга олиб келади. Вилоят аҳолисининг катта қисми қашшоқликда кун кечиради. Ижтимоий муаммолардан қийналган кишилар эса ўта асабий бўлиб, салга қисинаверади. Демакки, вилоятда қанд касалига чалинганлар сони ҳам орта боришини кутиш мумкин.
XS
SM
MD
LG