Линклар

logo-print

Янги марказнинг аҳамияти беқиёс


Феруза Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида Радиация таҳлили маркази очилди. Бу муассаса Украина фан ва технологиялар маркази, АҚШ Энергетика вазирлиги ҳамда Лоуренс Ливермор илмий лабораториясининг молиявий кўмагида ташкил этилди.

Ядро физикаси институти илмий лаборатория мудири Илҳом Содиқовнинг сўзларига қараганда, марказ геология ва тиббий соҳалардаги муаммоларни ҳал қилиш, янги қазилма бойликларни қидириш, конларда турли таҳлиллар ўтказиш, чегара ва божхоналарда радиактивлик бўйича назорат ўрнатиш ишларини олиб боради.

Институтнинг радиация таҳлили лабораторияси мудири Алексей Кистнинг таъкидлашича, расмий очилиш маросими куни-кеча ўтказилган Радиация таҳлили маркази анчадан буён фаолият кўрсатади. Марказ аҳолининг радиацион хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушлаб қолинган радиактив моддалар таркибини ўрганишда иштирок этиб келмоқда.

И.Содиқовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон уран захиралари жиҳатдан дунёда тўртинчи, уни ишлаб чиқариш бўйича еттинчи ўринда туради. Бу эса мамлакатда радиактив ифлосланиш масаласи долзарблигини билдиради. Марказ бу муаммони ҳам ўрганади. Айни пайтда марказ мутахассислари ер ости сувлари таркибида уран даражаси ва унинг ичимлик сувга таъсирини ўрганиш устида иш олиб бормоқда. Бу ерда мавжуд замонавий ускуналар радиактив ифлосланишни самарали ўрганишга ёрдам беради.

Ядро физикаси бўйича мутахассис Салоҳиддин Комиловнинг эътирофича, марказнинг ишга туширилиши катта аҳамиятга эга. У ўсма касалликлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишда, ёқилғи сифатини оширишда, ядровий усул билан моддаларнинг тузилишини чуқур таҳлил қилишда муҳим ўрин тутади.
XS
SM
MD
LG