Линклар

“Афанди” сайлов тўғрисида ёзмоқда

  • Садриддин Ашур

7 октябр куни Тошкентда “Сайлов технологиялари ва ОАВ: ҳуқуқий ва этик жиҳатлар” мавзуида халқаро анжуман иш бошлади. Тадбир Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Марказий сайлов комиссияси, Сиёсий тадқиқотлар маркази ва Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро анжуман доирасида “Демократик сайловлар, сайлов технологиялари ва ОАВ”, “Сайлов технологиялари: имкониятлар, муаммолар ва истиқболлар”, “Сайловларнинг ОАВда ёритилиши” мавзуларида йиғилишлар ўтказилади.

Тадбирда Олий Мажлис депутатлари, бир қанча хорижий давлатлар сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, нодавлат ташкилотлар, дипломатик миссиялар ва чет эл ташкилотлари ваколатхоналари вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманда баъзи халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Тинчлик корпуси, “Freedom house” мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сиёсий маслаҳатчиси Мари Карин фон Гумппенберг “Демократик сайловларга муносабатда ЕХҲТ стандартлари” мавзуида маъруза қилди. Унинг айтишича, аввалги сайловлардан сўнг Ўзбекистон сайлов тизими анча такомиллашган. Масалан, ҳокимият вакиллари депутат бўлгандан сўнг лавозимидан кетиши, парламентда аёл депутатлар камида 30 фоиз бўлиши белгилангани яхши ҳолатдир. Партияларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши ҳам уларнинг тенг кураш олиб боришини таъминлайди.

Фон Гумппенберг мамлакатда ҳақиқий демократик сайловлар ўтишига тўсиқ бўладиган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталди.

“Ўзбекистонда хилма-хил мустақил оммавий ахборот воситалари йўқлиги сайлов вақтида ҳақиқий сиёсий баҳслар туғилишига тўсиқ бўлиб турибди. ЕХҲТ мустақил ахборотни нафақат Интернет, балки матбуот ва телевидение орқали олиш имконияти пайдо бўлишига умид қилади. Сайловлар ҳақидаги қонунлар яна такомиллаштирилишга муҳтож. ЕХҲТ ташаббус гуруҳлари рўйхатга олинмаётганидан ташвиш билдиради. Ўзбекистон Копенгаген шартномасига имзо чеккан экан, сайловда маҳаллий кузатувчилар иштирок этишига ҳам рухсат берилиши керак”, деди у.

Фон Гумппенбергнинг маълум қилишича, ҳозир фақат сиёсий партиялар, ташаббус гуруҳлари вакиллари ва ОАВ ходимларининг кузатувчилик қилишига рухсат этилган. Аммо оддий фуқаролар ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари мустақил кузатув олиб бориш имкониятига эга эмас.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов ва Олий Мажлиснинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов фон Гумппенбергнинг бу танқидий фикрларига эътироз билдирди.


А.Саидовнинг фикрича, халқаро ташкилотларда бирор давлатдаги демократия даражасини баҳолашда олдиндан белгилаб қўйилган нуқтаи назардан келиб чиқиб хулоса билдириш мавжуд. Масалан, анжуманда Ўзбекистонда мустақил ОАВ йўқлиги айтилди. Лекин ҳеч ким мамлакатда эркин ва мустақил ОАВ мезонларини йўқлигини даъво қила олмайди. Бу борадаги мулоҳазалар субъективдир.

Анжуманда Марказий сайлов комиссияси марбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаев мамлакатдаги сайловларда ОАВ тажрибаси ва иштироки ҳақида маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, 1994 йилда Ўзбекистонда сайлов жараёни ҳақида маълумот берадиган матбуот маркази бўлмаган. У пайтда аксарият нашрлар ҳам давлат ихтиёрида эди. Бу йилги сайлов кампаниясини Ўзбекистондаги 928 та оммавий ахборот воситаси ёритиб боради. Улар орасида мустақил нашрлар ва телевидениелар анчагина.

Ш.Қудратхўжаев ҳатто “Афанди” газетасида ҳам сайлов тўғрисида мақолалар чиқаётганини таъкидлади.

Кузатувчилар Ўзбекистонда ҳақиқий мустақил нашр йўқлигини эътироф этаётган бир вазиятда юмористик йўналишдаги бу газетада сайлов ҳақида қандай мақолалар берилаётган бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш мумкин, холос.
XS
SM
MD
LG