Линклар

Ўзбекларга грант олиш ўргатиляпти


Саида 7 октябрда Тошкентда “Грант олишдаги самарали рақобат” мавзуида икки кунлик семинар иш бошлади. Тадбирда Европа Иттифоқи, Озарбойжон, Грузия, Украина, АҚШдан юздан ортиқ вакил иштирок этмоқда.

Семинар Украина Фан ва технология маркази томонидан ташкил этилган. Марказнинг Тошкентдаги ахборот офиси вакиласи Регина Сатторованинг сўзларига қараганда, мазкур марказ ҳукуматлараро дипломатик ташкилот бўлиб, АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида фаолият кўрсатади. Ўзбекистон 1997 йилдан буён марказ билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Р.Сатторованинг билдиришича, Ўзбекистон марказ билан ҳамкорликни йўлга қўйгандан буён бу ерда умумий қиймати 13 миллион АҚШ доллари бўлган 68 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳозиргача шулардан 20 таси муваффақиятли якунланган.

Р.Сатторованинг таъкидлашича, марказ ўтказаётган тадбирдан мақсад халқаро ташкилотлар ва жамғармалардан грант олишда рақобатбардош лойиҳалар тайёрлаш йўл-йўриқларини ўргатишдир.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Вирусология илмий тадқиқот институти мутахассиси Абдужамол Жўраевнинг айтишича, ўтказилаётган тадбирда грант олишнинг энг нозик қирралари тушунтирилмоқда.

Семинар иштирокчиси, Самарқанддаги Ветеринария илмий текшириш институти ходими Ҳабибулло Ҳамдамовнинг фикрича, Ўзбекистонда ветеринария соҳасида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар учун молиявий кўмак жуда зарур. Шунинг учун халқаро ташкилотлардан грант олишга эҳтиёж катта. Донорлардан маблағ олишнинг ўзига хос мураккаб қирралари борлиги сабабли ўтказилаётган семинарнинг аҳамияти катта.

Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мулоқотлар ўтказади ва таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашади.
XS
SM
MD
LG