Линклар

Ўзбекистонга яна кредит ажратилди

  • Садриддин Ашур

Хабарларга кўра, Ислом тараққиёт банки молиявий ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга 52 миллион 600 минг доллар миқдорида кредит ажратган. Шунингдек, Ўзбекистон Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорациясининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланган.

Маълум бўлишича, Ислом тараққиёт банкининг (ИТБ) кредити мамлакатда кичик бизнесни ривожлантириш, асфальт ишлаб чиқариш заводини замонавийлаштириш, электр узатиш линияларини қуриш ва инвестиция компанияларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки матбуот хизмати вакиласи Галина Павлова ИТБ икки йўналишда, яъни кичик бизнесни ривожлантириш ва инвестиция компанияларини молиялаштириш бўйича кредит ажратганидан хабардорлигини таъкидлади. Унинг айтишича, инвестиция компанияларини молиялаштириш учун ИТБ 143 минг доллар ажратган.

Г.Павлова бошқа йўналишлар бўйича ажратилган кредит юзасидан Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Агентлик ходими Асқар Мирсаидов ўзининг қўлида мавжуд ҳужжатларда ИТБ ажратган кредит миқдори 52 миллион доллар эмас, балки анча кам кўрсатилганини маълум қилди.

А.Мирсаидовнинг таъкидлашича, бу борадаги келишув ҳукумат доирасида амалга оширилган. Шунинг учун рақамлар кейинчалик ўзгарган бўлиши мумкин.

“Пахтабанк” акциядорлик тижорат банки бўлим бошлиғи Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, ИТБ тоифасидаги банклар фоизли кредит бермайди. Балки улар ўзлари иштирок этган лойиҳалардан келадиган фойдадан улушини чиқариб олади.

Яна бир янгилик шуки, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси бош ассамблеясининг 4-сессияда Ўзбекистон унинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида тасдиқланди. Мазкур корпорация йирик халқаро молия институти бўлиб, аъзо давлатларда хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беради. Айни пайтда 42 давлат ва бешта жамоатчилик молиявий ташкилоти корпорация аъзоси ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG