Линклар

logo-print

Туркия Европа Иттифоқига қўшилишга бир қадам яқинлашди


Азизулло Арол 6 октябр куни Европа Комиссияси Туркияни иттифоққа қабул қилиш юзасидан музокаралар бошлашга розилик билдирди. Шу билан бирга Туркия Иттифоққга қабул қилиниши учун қандай ишларни ўтказиши кераклиги бўйича тавсиялар берилди. Туркия билан аъзолик бўйича музокаралар қачон бошланиши Европа Иттифоқининг декабр ойида ўтказиладиган саммитида аниқ бўлади. Хўш¸ Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун мамлакатдаги иқтисодий ва сиëсий вазият Европа Комиссияси талабларига жавоб берадими?

Туркия ўзоқ йиллардан буëн орзиқиб кутаëтган мақсади – Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида бир қадам олға ташлади. Чоршанба куни Европа Комиссияси Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокараларни расман бошлашни тавсия қилди. Бироқ таҳлилчиларга кўра¸ бу музокаралар узоққа чўзилиши мумкин.

Европа Иттифоқи Туркияни қабул қилиш учун мамлакат қатор талабларни бажариши¸ жумладан иқтисодий¸ сиëсий¸ ижтимоий ва инсон ҳуқулари соҳасида жиддий ислоҳотларни амалга ошириши кераклигини билдирди.

Европа Комиссияси раҳабари Романо Проди Туркия Европа Иттифоқи аъзолигини қўлга киритиши учун¸ айниқса¸ мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаши лозимлигини урғулади. Кузатувчиларга кўра¸ Туркияда аëлларга нисбатан зуравонлик¸ диний камситиш ва одамларни қийноқларга солиш ҳоллари ҳамон давом этмоқда.

Европа Комиссияси тавсиясини тарихий қадам¸ деб баҳолаган Туркия Ташқи ишлар вазири Абдулла Гул ҳукумат сўнгги йиллар ичида иқтисодий ва сиëсий соҳаларда бир қатор йирик ислоҳотларни амалга оширганини маълум қилди.

Аммо Туркия саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг Брюсселдаги идораси вакили Баҳодир Калеағаси фикрича¸ Туркиянинг иқтисодий вазияти Европа Иттифоқи билан музокаралар бошлаш учун талаб даражасида эмас.

унинг айтишича¸ шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги фарқ сақланиб қолган. Ишсизлик кўпайган. Кичик тадбиркорлокка кенг йўл берилмаган¸ дейди Туркия саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмасининг Брюсселдаги идораси вакили Баҳодир Калеағаси.

"Музокаралар давомида иқтисодий масалалар муҳим ўрин эгаллайди. Туркия бунга жиддий эътибор бериши керак" - дейди тадбиркор.

Шу билан бирга Калеағаси Иқтисодий соҳада Туркия кейинги икки-уч йил ичида маълум маваффақиятларга эришганини айтади. Жумладан 1996 йили Евро пул бирлигини қабул қилган Европа Иттифоқи билан Туркия ўртасида божхона соҳасида ўзаро келишувга эришилган. Туркия учун Европа Иттифоқининг саноат бозорлари эшиклари очилган. Эркин рақобат вужудга келган. Инфлация даражаси пасайган. 2005 йилда янги турк лираси муомалага киритиладиган бўлган.


Айрим кузатувчиларга кўра¸ Туркия мусулмон давлат бўлгани учун унга нисбатан қаттиқ талаблар қўйилмоқда. Ҳолбуки¸ Туркиядаги вазият Европа Иттифоқига янги қабул қилинадиган айрим давлатлардаги вазиятдан ëмон эмас.

Франциядаги жамиятшунос Ҳамит Бўзарслон фикрича ҳам Туркияни Европа Иттифоқига қабул қилиш масаласи ўзоқ йилларга чўзилганининг сабабларидан бири унинг мусулмон давлати бўлганидир. Чунки Европа давлатларининг бир қисми айнан шу боис Туркиянинг иттифоққа қўшилишига қаршилик билдириб келмоқда.

"Бу борада Европа Иттифоқида икки тур кўз қараш мавжуд. Бир гуруҳ Европа Иттифоқи ўзига хос насронийлар жамоаси¸ мусулмонлар бу клубга киритилмайди¸ деб ëндашса¸ иккинчиси¸ йўқ¸ бу насронийлар клуби эмас¸ динлараро сиëсий тузилма¸ деб айтишмоқда" - дейди мутахассис Ҳамит Бўзарслон.

Туркиянинг кўп сонли экани ҳам Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатларни хавотирга солмоқда. 71 миллион аҳолига эга Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлганидан кейин унинг фуқаролари Европа Иттифоқи мамлакатларига ëпирилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG