Линклар

logo-print

Беларусда кўпчилик Президентни қўллаб-қувватлайди

  • Ҳасанжон

Мустақил ташкилотлар ўтказган сўров натижалари Беларус фуқароларининг аксарияти Президент Александр Лукашенкани қўллаб-қувватлашини кўрсатган. Лекин, сўровлар беларусликларнинг кўпи Лукашенка учинчи муддатга Президент бўлишига имкон берувчи конституциявий ўзгартишларни хоҳламаслигини ҳам кўрсатган. 17 октябрда парламент сайловлари билан бирга бўлиб ўтадиган референдумда фуқаролар конституциядаги президентликка фақат икки муддат сайланиш мумкинлиги тўғрисидаги бандни олиб ташлаш ёки олиб ташламаслик масаласида ҳам фикр билдиришлари керак бўлади. Лукашенканинг президент лавозимидаги иккинчи муддати 2006 йилда тугайди.

Нуфузли икки тадқиқот маркази ўтказган сўровлар натижаларига кўра, аксарият беларусликлар Президент Александр Лукашенка ҳукуматига ишонади.

АҚШдаги ”Gallup” сўров маркази билан яқиндан ҳамкорлик қилувчи Литвадаги “Baltic Survey” маркази Беларусда мунтазам сўров ўтказиб келади. Марказ директори Раиса Алисаускиенега кўра, унинг ташкилоти ўтказган сўров натижалари агар Александр Лукашенка Президентлик сайловларида қатнашса, сайловчиларнинг катта қисми унга овоз беришини кўрсатганини айтади:

”Ҳозирда, сайловчиларнинг 34 ярим фоизи (бўлажак) президентлик сайловларида Лукашенка учун, 31 ярим фоизи бошқа номзод учун овоз беришини айтмоқда. Фуқароларнинг 24 фоизи эса бу ҳақда аниқ бир фикрга келмаган“ - дейди “Baltic Survey” маркази вакили.

Алисаускиенега кўра, аксарият беларусликлар Лукашенканинг учинчи муддатга президентликка сайланишига имкон берувчи конституцияга ўзгартиш киритилишини хоҳламайди. 17 октябр куни бўлиб ўтадиган референдум натижалари тан олиниши учун унда рўйхатга олинган беларусликларнинг ярмидан кўпи қатнашиши керак. Сўров натижаларига кўра, рўйхатга олинган одамларнинг 75 фоизи сайловларда қатнашиш ниятида эканини билдирган.

Москвадаги “Юрий Левада” номли мустақил таҳлил маркази ҳам бундан бир неча ҳафта олдин Беларусда сўров ўтказган. Марказ раҳбари Юрий Леваданинг Озодлик радиосига айтишича, конституцияга ўзгартиш киритиш учун рўйхатга олинган сайловчиларнинг аксарияти овоз бериши керак, аммо бунга эришиш қийин бўлади:

”Александр Лукашенка сайлов участкаларига келган аксарият фуқаролар овозини олиши мумкин. Аммо билишимча, референдум тўғрисидаги Беларус қонунига кўра, бундай вазиятда овоз бериш учун рўйхатга олинган фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги овоз бериш жараёнида қатнашиши талаб этилади. Ҳозирча ана шу кўпчилик йўқ“ - дейди Юрий Левада.

Шунга қарамай, Левада маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Александр Лукашенка мамлакатда энг машҳур сиёсатчи бўлиб қолмоқда ва аҳолининг аксарият қисми у олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. Сўров натижалари сўралганларнинг 62 фоизи Лукашенка ўзининг Президентлик вазифасини яхши бажараяпти, 53 фоизи эса мамлакат тўғри йўналишда кетаяпти, деган фикрда эканини кўрсатган.

Минскда жойлашган Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари ўринбосари Александр Соснов беларусликлар Лукашенкани ёқтиришига ажабланмаслиги, чунки мамлакатда ҳукумат идоралари кучли тарғибот ўтказишини айтади:

”Мамлакатда Президентни (кўкларга кўтариб) мақтовчи тарғибот кун сайин кучайиб бормоқда. Бу бир томонлама тарғибот. Президентга қарши бўлганларга эса хеч нарсага рухсат берилмаган“ - дейди беларус таҳлилчиси.

Александр Сосновга кўра, аҳолининг 90 фоизи давлатга қарашли ахборот воситаларидан маълумот олади ва унга ишонади. Ўша ахборот воситалари эса Лукашенкага тасаннолар айтади, аммо мухолифатга тинимсиз ҳужум қилади. Соснов шунингдек, ҳукумат мухолифат вакилларига телевидение орқали чиқиш учун имкон берса-да, баёнотлар аввалдан ёзиб олиниши ва жуда кеч пайтда эфирга узатилишини айтади.

Алисаускиене, Президент Лукашенканинг беларусликлар орасида машҳурлигини Беларус сиёсий мухолифати заиф ва бирлашмаганлиги билан изоҳлаш мумкинлигини айтади. Литвалик таҳлилчига кўра, мухолифат қаттиқ сиқув остига олинган ва эркин матбуот деярли йўқ бўлган мамлакатда Президентга кучлик рақиб топиш қийин бўлади.
XS
SM
MD
LG