Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:06

Олимлар сейсмик талофатларни камайтирмоқчи


Дилнаво Тошкентда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россиядан келган олимлар иштирокида Марказий Осиёда сейсмик хавфни баҳолаш масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Сейсмология институтида бўлиб ўтган ушбу илмий анжуманда зилзила хавфини баҳолаш, бу офат келтириш мумкин бўлган моддий ва маънавий зарарни камайтириш, кучли ер силкиниши содир бўлиш эҳтимолини олдиндан аниқлаш, сейсмик фаол ҳудудларни минтақалаштириш муаммолари юзасидан маърузалар тингланди.

Сейсмология институти дирекори, академик Қаҳҳор Абдуллабековнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда сейсмологик кузатувлар соҳасида халқаро ҳамкорликнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқиляпти. Марказий Осиёда сейсмик хавфни камайтиришга қаратилган лойиҳалар асосида уй-жойлар, корхоналар, сув тўғонлари каби иншоотлар, турли инфратузилмалар ҳисобга олинади ва сейсмик хавф-хатар баҳоланади. Сейсмик об-ҳаво ўрганилади, техноген объектлар – нефть ва газ конлари, йирик сув омборларида кузатув ишлари олиб борилади.

Ўзбекистон сейсмик хавфли минтақада жойлашган. Тарихда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида кучли ер силкинишлари содир бўлгани маълум. Масалан, 1620 йилда Фарғона водийсидаги Ахсикентда, 1902 йилда Андижонда ўта кучли зилзилалар юз бериши оқибатида бу шаҳарлар бутунлай вайронага айланиб, жуда кўп одам қурбон бўлган.

Қ.Абдуллабековнинг таъкидлашича, зилзила қаерда ва қандай куч билан юз бериши эҳтимоли акс этган хариталар тузилиши лозим. Амалга оширилаётган барча қурилиш ишлари, коммуникация тизимларини барпо этиш шу асосда олиб борилиши керак.

Сейсмология институти илмий котиби Моҳира Усмонованинг билдиришича, зилзилабардош бўлмаган иншоотлар қурилиши бу офат вақтида инсон ҳаёти учун хавфни сезиларли оширади. Кучсиз иқтисодиёт ва аҳолининг табиий офатга яхши тайёргарлик кўрмаслиги вазиятни янада кескинлаштиради. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг турли қатламлари учун табиий офатлар вақтида талофатни камайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Анжуман иштирокчиси, Россиянинг Ер физикаси институти замонавий геодинамика лабораторияси раҳбари Юрий Кузьминнинг фикрича, табиий офатлар олдини олишда бир мамлакат доирасида самарали иш олиб бориб бўлмайди. Бунинг учун бир неча давлатларнинг куч-ғайратини бирлаштириш керак. Ҳозирда мавжуд бўлган энг оғир муаммо эса сейсмик кузатувлар тизимини ва уларни молиялаштиришни сақлаб қолишдир. Шунингдек, эришилган муваффақиятлар билан қаноатланмай, мунтазам ривожланиш керак. Янги станциялар, кузатув пунктлари бунёд этиш зарур.
XS
SM
MD
LG