Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Карзайнинг ғалабаси – ҳал этилган масала


Зикрилло Ишонч 9 октябрь куни Афғонистонда Президент сайлови ўтказилади. Мазкур мамлакатнинг Ўзбекистонда истиқомат қилаётган тахминан 10 минг фуқароси ҳам бу тадбирга бефарқ қараётгани йўқ.

Афғонистонлик муҳожир Муҳаммадилло Коргарнинг сўзларига қараганда, сайлов тинч ва ошкора ўтмайди. Чунки мамлакатда “Толибон” ҳаракати ва “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи тарафдорлари мавжуд. Сайлов муваққат ҳукуматнинг амалдаги раҳбари Ҳомид Карзайнинг ғалабаси билан якунланиши эҳтимоли юқори. Зеро, мамлакатдаги дин уламолари ва мужоҳид гуруҳлар раҳбарларининг аксарияти уни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бироқ Карзай Президентликка сайлангач, ҳаммани ўз атрофига бирлаштира олмайди. Бунинг сабаби шундаки, Карзай сўнгги уч йил давомида Афғонистонга кўрсатилган хорижий ёрдамнинг бир фоизини ҳам шимолдаги вилоятларга сарфламаган.

Баъзи муҳожирларнинг таъкидлашича, мамлакатда ўтказилаётган сайлов афғон халқига демократия сабоғини беришда катта аҳамиятга эга. Лекин Афғонистондан ташқарида истиқомат қилаётган юз минглаб фуқароларнинг унда иштирок этмаётгани демократияга зиддир. Сайловда ҳеч ким мутлақ кўпчилик овоз билан ғалаба қила олмаслиги кўриниб турибди. Бу эса сайловда ютқазган кучларнинг турли талаб ва эътирозларни олға суришига йўл очади. Сайловда мужоҳид гуруҳлар номзодларининг ғалаба қозонмаслиги ижобий ҳол бўлади.

Афғонистонлик олима Шафиқа Ёрқин Лўйя Жирга йиғилиши ва Бонн анжумани натижларидан келиб чиқиб, бўлажак сайловга муносабат билдирди.

“Карзайнинг ғалабаси - ҳал этилган масала. Биз Лўйя Жиргага иштирок этганимизда ҳам ҳамма масала олдиндан ҳал этилганини билган эдик. Бу сайловнинг натижасини ҳам олдиндан биламиз”, деди Ш.Ёрқин.

Унинг айтишича, сайлов жараёнида шимолий вилоятлар вакиллари кўпроқ фаоллик кўрсатмоқда. Бу эса мазкур вилоятлар аҳли сайловнинг аҳамиятини яхшироқ тушуниб етганидан дарак беради.

Президентликка номзодлар орасида аёл киши ҳам бор. Бу Маъсуда Жалолдир. Афғонистонда аҳолининг қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этадиган бир пайтда унинг имконияти қандай?

Ш.Ёрқиннинг билдиришича, Лўйя Жирга йиғилишида ҳам М.Жалол мамлакат раҳбарлигига ўз номзодини қўйган эди. Бироқ афғонистонлик аёллар уни қўллаб-қувватламаган. М.Жалолнинг номзодини ёқлаганларнинг кўпчилиги эркаклар бўлган. Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, бўлажак сайлдовда ҳам аёллар ўз эрлари маъқул кўрган номзодга овоз беради.

Кобул университети профессори, айни пайтда муҳожиратда яшаётган Амирхон Задроннинг фикрича, илгари мамлакатдаги барча масалалар куч билан ҳал этилган бўлса, энди томонлар халқ иродасига бўйин эгишга мажбурдир. Сайлов қандай якунланишидан қатъий назар унинг ўтказилиши Афғонистоннинг ютуғи бўлади. Зеро, ҳеч бир мамлакатда демократия йўлини танлаш осон кечмаган. Афғонистондаги Президент сайловида ҳам бирор муаммо юзага чиқиши мумкин.
XS
SM
MD
LG