Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:02

Суд тугади, суд бошланади


7 октябрь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди жорий йил баҳорда пойтахтда ва Бухоро вилоятида содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 15 шахс устидан ҳукм чиқарди.

Ушбу суд жараёни роппа-роса бир ой давом этди. Судланувчилардан 8 нафари хотин-қизлар эди.

Суд ҳайъати судланувчиларнинг барчасини айбдор деб топди. Икки аёл 3 йилга шартли жазога ҳукм қилинди. Бошқа айбланувчилар 4 йилдан 15,5 йилгача муддатга қамоқ жазоси белгиланди. Уларнинг барчаси жазони умумий тартибдаги колонияларда ўтайди. Тўрт аёлга 9 йилдан қамоқ жазоси тайинланди. Бир аёл 4 йилга, бошқаси 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, суд жараёнида деярли ҳеч бир судланувчининг айби исботланмаган. Судда уларнинг баъзилари ўзини умуман айбсизлиги айтган, бошқалари эса қисман айбдорлигини тан олган. Лекин қисман айби нимадан иборатлигини тушунтириб бера олмаган. Энг қизиғи, судланувчилар ҳибсга олингунга қадар бир-бирини танимаган. Суд вақтида уларнинг кўпчилиги март-апрель ойларидаги портлашларга алоқадор эмаслигини, ўзларга қўйилган айбларга эса қийноқлар остида иқрор бўлганини маълум қилган. Лекин судья бунга эътибор қаратмаган.

Айни кунларда Тошкент шаҳри ва вилояти, Қарши шаҳри, Бухоро вилояти судларида ҳам суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Бу судларда жами олтмиш киши судланяпти.

Кейинги ҳафтада мамлакатнинг яна бир неча шаҳарларида суд жараёнлари бошланиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG