Линклар

logo-print

Франция Президентининг Хитойга сафари муваффақиятли бўлди

  • Ҳасанжон

Франция Президенти Жак Ширак 8 октябр куни беш кунлик давлат ташрифи билан Хитойга боргани ҳақида ўз вақтида хабар берган эдик. Якшанба куни Ширак Хитой Президенти Ху Цзинтао билан учрашди. Музокаралар чоғида Франция ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар муҳокама этилди ва йигирмадан ортиқ шартнома имзоланди. Хитойга сафари давомида Жак Ширакка Франциянинг 52та йирик ширкати раҳбарлари ҳамроҳлик қилмоқда.

Франция Хитой билан иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга бел боғлаган кўринади. Британиядаги Оксфорд университетининг Хитой бўйича мутахассиси Рана Миттер Озодлик мухбири билан суҳбатда Франция Президентининг Хитойга ташрифидан мақсад хусусида бундай дейди:

“Жак Ширак Европа ва Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувида қатнашиш учун Вьетнам пойтахти Ханойга борган. Айни пайтда, у Хитойга сафар қилиб Франция ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашни ўзига мақсад қилган“

Лекин унинг айтишича, асосий мақсад иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик, савдо-сотиқни кенгайтириш бўлган. Маълумотларга кўра, Франция Президенти Жак Ширак Парижга қиймати 4 миллиард долларга тенг шартномалар билан қайтади. Имзоланган йигирмадан ортиқ шартнома орасида буғдой экспортига оид битм ҳам бор. Унга кўра, Франция Хитойга 700 минг тонна буғдой сотади.

Хитой ҳаво йўллари ва “China Eastern” авиа компаниялари Франциянинг “Аэробус” ширкати билан энг йирик шартномани имзолади. Қиймати 2 миллиард 200 миллион долларга тенг бу келишувга мувофиқ “Аэробус” Хитойга 26та йўловчи самолёти етказиб беради. Қиймати 1 миллиард 700 миллион долларга тенглиги айтилаётган иккинчи келишувга кўра, Франциянинг “Алстом” ширкати Хитойга поезд вагонлари, гидроэлектр станция учун ускуналар етказиб беради.

Вашингтондаги Жорж Вашингтон университетининг Хитой бўйича мутахассиси Дэвид Шамбауга асосланиб “International Herald Tribune” газетасинин билдиришича, йирик шартномаларни қўлга киритган Ширак Пекинга сафаридан кўзлаган мақсадига эришган. Америкалик мутахассисга кўра, бу келишувлар Франциянинг Хитойга таъсирини анча кучайтиради.

Шуни эслаш жоизки, Хитой билан иқтисодий алоқалар борасида Франция Германия ва Британия каби қатор Европа Иттифоқи давлатларидан бир қанча ортда қолган. Ғарб ахборот агентликлари маълумотига кўра, ўтган йилда Франция Хитойга 6 миллиард евро, Германия эса 8 милллиард евро миқдорида сармоя ётқизган. Айни пайтда, Хитой Францияга қараганда Германиядан уч баробар кўп махсулот импорт қилган.

Маълумки, ҳозирда Хитойга қарши қурол эмбаргоси қўлланмоқда. Бунга Хитой ҳукуматининг 1989 йилда талабалар намойишларини бостиргани сабаб бўлган. Ўшанда хитойлик талабалар мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилиб, Пекиндаги Тянанмен майдонида норозилик намойиши ўтказган эди. Бу ходисалардан кейин АҚШ ва Европа давлатлари Хитойга қурол сотишни таъқиқлаб қўйган.

Лекин кейинги пайтларда Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатлар, шу жумладан Франция ҳам, бу санкцияни бекор қилиш керак, деган ташаббус билан чиқяпти.

Пекинга сафари давомида Франция Президенти Хитойга қарши қурол эмбаргосини бекор қилишга чақирди.

Британиялик хитойшунос Рана Миттер ҳозирнинг ўзида қурол эмбаргоси рамзий характерга эгалигини айтади:

“Бу, яъни,чақириқ шунчаки рамзий манога эга. Қурол эмбаргоси бекор қилинган тақдирда ҳам Европа Иттифоқи давлатлари Хитойга энг замонавий технология асосида яратилган қуролларни сотиши гумон. Бошқа томондан Европа давлатлари Осиёда мавқеи тобора кучайиб бораётган Хитой билан мулоқот ўрнатишга тайёрлигини кўрсатмоқчи. Европаликлар ўзларини АҚШга қараганда Хитой масаласида кескин позицияда эмасликларини ҳам намойиш этишга ҳаракат қилмоқда“ – дейди британиялик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG