Линклар

“Давра кенгаши” машғулот ўтказди


Мухолифат вакилларини бирлаштирган “Давра кенгаши” томонидан Фарғона водийсидаги мухолиф партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аъзолари, оддий фуқаролар учун декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловига бағишланган ўқув машғулоти ўтказилди.

Машғулотда иштирокчиларга Ўзбекистон қонунчилигидаги сайловда мустақил номзодлар кўрсатиш тартиб-қоидалари, ташаббус гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш йўллари ҳақида тушунча берилди.

Тадбир иштирокчиси, “Давра кенгаши”нинг Андижон вилояти бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Акмал Ориповнинг таъкидлашича, кўрсатиладиган номзодлар фақат мухолифат партиялар аъзоси бўлиши шарт эмас. Номзодлар халқнинг манфаатларини ҳимоя қила оладиган кишилар бўлиши керак.

Ўқув машғулотида АҚШдаги Демократияни қўллаб-қувватлаш миллий фондининг Марказий Осиё ва Кавказорти давлатлари бўйича мувофиқлаштирувчиси Маша Ланская ҳам иштирок этди. Унинг айтишича, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти комиссияси, АҚШ Конгресси, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда мухолифатдаги партиялар рўйхатга олинмаганидан ўз норозилиги билдирган. Бу Ўзбекистонда демократия соҳасида орқага кетиш юз бераётганини кўрсатади.

М.Ланскаянинг фикрича, Ўзбекистон қонунчилигининг ташаббус гуруҳларидан номзод кўрсатишга бағишланган қисми ўта мураккаблаштирилган. Бу мустақил номзодлар кўрсатишда сайловчиларга қийинчиликлар туғдиради. Шунга қарамай, ҳукумат ҳаммага бир хил шароит яратиб берса, мустақил номзодларнинг баъзилари сайловда ютиб чиқишига имконият бор.
XS
SM
MD
LG