Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:34

Ўзбеклар Афғонистонда темир йўл қуради


Ўзбекистон темир йўллари орқали жанубий йўналишда ҳозирча фақат Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳригача етиб бориш мумкин. Энди бу йўллар Мозори шариф вилоятигача чўзиладиган бўлди.

Хабарларга кўра, Ҳайратондан Мозори шарифгача бўлган темир йўл қурилишини Ўзбекистон ўз зиммасига олган. Қурилиш харажатларини эса АҚШ компаниялари кўтаради.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси йўл лойиҳалаштириш бюроси ходими Мирзоҳид Қосимовнинг сўзларига қараганда, Тошкент-Термиз-Ҳайратон-Мозори шариф темир йўлининг лойиҳа-қидирув ишлари компания мутахассислари томонидан амалга оширилган, яъни маълумотлар базаси тайёрланган. Лойиҳага кўра, темир йўлнинг Тошкент-Термиз қисми қайта таъмирланади, Ҳайратон-Мозори шариф қисми эса қурилади.

Маълумотларга қараганда, АҚШнинг “Вендлингер ассошэйтес”, “Сентрал эйшан партнерс” ва Ўзбекистоннинг “Ўзавтойўл” компаниялари узунлиги 80 километр бўлган Ҳайратон-Мозори шариф темир йўлини қуриш ҳақидаги шартномани имзолаган. Бу қурилишнинг лойиҳа қиймати 210 миллион АҚШ долларига тенг. Америкаликлар ўзбек ҳамкорларини бу маблағнинг 150 миллионини октябрь ойи охиригача ажратишга ишонтирган.

М.Қосимовнинг билдиришича, Ҳайратон-Мозори шариф темир йўлининг тор изли ёки стандарт бўлишини Афғонистон ҳукумати ҳал қилади. Лекин агар тор изли темир йўл қурилса, юк ортиш ва туширишда баъзи қийинчиликлар бўлиши мумкин.

Айни пайтда ўзбекистонлик йўлсозлар узунлиги 223 километрли Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини қуришни давом эттирмоқда. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларига Туркманистонни четлаб ўтиб етиб олинишини таъминлайдиган бу йўл, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бир йилда 64 миллион долларни иқтисод қилиш имконини беради.

Қумқўрғондан Термизга эса кам масофа бор. Агар Термиз-Мозори шариф темир йўли қурилиши яқин йилларда ниҳоясига етказилса, Ўзбекистоннинг жануб йўналишида очиқ денгизга чиқиши сари яна бир қадам ташланади. Чунки бу йўл битказилса, Афғонистоннинг Шибирғон, Ҳирот ва Қандаҳор вилоятларида ҳам темир йўл қуриш режалаштирилган. Ундан у ёғига Покистон ёки Эроннинг денгиз портларига оз масофа қолади.

“Фергана ру” сайтидан олинган маълумотларга кўра, Покистон ҳам Афғонистон томон темир йўл тортишни режалаштирган. Бундан қарийб бир йил муқаддам расмий Исломобод Чаман-Қандаҳор йўналишида 170 километр узунликда темир йўл қуришга тайёрлигини билдирган эди.

Агар юқорида тилга олинган икки йирик лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон ва Покистон қураётган темир йўллар Қандаҳорда туташади. Бу эса Афғонистонни халқаро транспорт коридорига айлантиради. Жанубдан келаётган юк Афғонистон орқали Марказий Осиё, Россия ва Шарқий Европага олиб ўтилади, бу минтақалардан келаётган поездлар эса Ҳинд океанига чиқади. Афғонистон иқтисодиёти ривожланиши учун кенг йўл очилади.

Аммо бунинг учун, аввало, мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши керак.
XS
SM
MD
LG