Линклар

logo-print

Афғонистондаги сайлов ва ўзбек матбуоти


Зикрилло Ишонч Афғонистонда бўлиб ўтган Президент сайловига боғлиқ жараёнлар Ўзбекистон матбуотида анча суст ёритилди. Асосан, хориж оммавий ахборот воситаларидан олинган кичик-кичик хабарлар билан чекланилди. Бу жараёнга бағишланган каттароқ мақола ва таҳлилий материаллар, негадир ўзбек матбуоти назаридан четда қолди.

Дунё миқёсида муҳим воқеа сифатида эътироф этилган Афғонистондаги Президент сайлови, баъзи кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам кенгроқ ёритилиши керак эди.

Ўзбекистондаги етакчи газеталардан бири бўлмиш “Халқ сўзи”нинг ўзини таништиришни истамаган ходими сўзларига кўра, мазкур нашрда шу вақтгача бу воқеа ҳусусида хабарлар бериб келинган. Президент сайлови якунлангач, бу тўғрида таҳлилий материал бериш режалаштирилган.

Журналист Амирқул Каримовнинг таъкидлашича, бу воқеаларни ёритишда кечикиш бор. Бунинг сабаби мазкур тадбирни бошдан охир кузатиб бораётган, бу ҳақда чуқур маълумотга эга журналист йўқлигидир. Агар ўзбек журналистлари жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлган шу каби воқеаларга алоҳида эътибор билан қараса яхшироқ бўлади.

А.Каримовнинг эътирофича, Ўзбекистонда Афғонистон билан қизиқадиган журналистлар анчагина. Шунинг учун бу мамлакатда бўлган муҳим тадбирни ёритишдаги сусткашликка маълумот танқислиги сабаб бўлмаса керак. Чунки Афғонистондаги сайлов ҳақида ахборот жуда кўп. Бу ўринда ўзбек журналистларининг шахсий сусткашлиги панд берган.

А.Каримовнинг билдиришича, Афғонистондаги вазият Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим. Бу эса ўзбек матбуоти мазкур мамлакатдаги муҳим тадбирга алоҳида эътибор қаратишига етарли асос бўла олади.
XS
SM
MD
LG