Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:55

Супермен оламдан ўтди


Якшанба куни таниқли америкалик кино артист Кристофер Рив 52 ëшида вафот қилди. Рив 1970-1980 йилларда суратга олинган "Супермен "филмида бош ролни ижро қилган эди. Рив бундан тўққиз йил олдин отдан йиқилиб бўйни лат егани боис умрининг сўнгги йиларини фалаж холатда ўтказди. Аммо у бошига тушган кўргиликдан эсанкирамади. Касалликга қарши кучли ирода ва матонат билан курашди. У намоëн қилган матонат ва ирода намунасидан кўплар ҳайратга тушишди.

Кристофер Рив 1978 йилда ижро қилган "Супермен" роли боис кино осмонида юлдуз бўлиб чарақлади.

Аммо 1995 йилда рўй берган бахтсиз тасодиф актернинг кинодаги карераси ривожига тўсиқ бўлди. Отдан йиқилган Ривнинг бўйни ва умуртқа поғонаси жароҳатлангани оқибатида фалаж бўлиб умри охиригача азоб чекди.

Ëзувчи Уесли Комбс Рив шанба куни ўзининг Ню-Йоркдаги уйида юрак ҳуружи оқибатида ҳушидан кетгани ва якшанба куни эса¸ оламдан кўз юмганини маълум қилди.

52 ëшида оламдан ўтган Рив Ҳолливуднинг забардаст актерларидан бири эди. Рив 1952 йилнинг 25 сентябрида Ню-Йоркда ëзувчи оиласида дунëга келди. У 1978 йилда ўзининг баланд қомати ва саргузаштларга ишқибозлиги боис Супермен филмидаги бош қаҳрамон ролига лойиқ топилди. У филмдаги трюкларни ўзи ижро қилишни талаб қилар эди. Одатда бундай трюклар каскадерлар томонидан амалга оширилади.

1995 йилда АҚШнинг Виржиния штатидаги от чоптириш мусобақасида қатнашган Рив отдан йиқилиб¸ умуртқаси икки жойидан синади. Мутлақ фалаж холатга тушган Рив махсус мосламасиз нафас ҳам ололмайдиган бўлиб қолади. "Супермен" филмида ҳаëлий куч қудрат соҳиби ролини ўйнаган Рив ҳаëтда ўзи дуч келган касаллик олдида чекинишни истамади. У умуртқа хужайралари яратиш устида ўтказиладиган генетик тадқиқотларнинг фаол тарғиботчисига айланди.

Уни тез-тез Вашингтонда¸ умуртқа поғонаси сохасидаги тиббий тадқиқотлар учун молия ажратишга даъват қилаëтганлар сафида учратиш мумкин эди. Рив Умуртқа поғонаси ичидаги ҳужайралар тадқиқотлари кенг кўламда ўтказилиши зарурлиги ҳақида гапирар эди. АҚШ Президенти Жорж Буш аҳлоқий сабаблардан келиб чиқиб ҳомила хужайралари асосида ўтказиладиган тадқиқотлар учун ажратиладиган маблағни анча қисқартирди. АҚШ Демократлари номзоди сенатор Жон Керри эса ўтган ҳафта бўлиб ўтган мунозараларда бундай тадқиқотлар тарафдори эканлигини айтар экан Рив сўзларидан иқтибос келтирди.

Фалокатдан сўнг Рив тинимсиз муолажа туфайли бир оз қаддини ростлагандай бўлган эди. Ҳатто 1998 йилда Алфред Ҳичкок асари асосида яратилган "Ҳовлига қараган уй" филмида суратга ҳам тушди. Рив бу роли учун кино ходимлари касаба уюшмаси мукофотига сазовор бўлган эди.
"Супермен" филми орқали дунëга машхур бўлган актер Кристофер Рив фалокатдан сўнг ўзи ўйнаган рол ҳақида мана буларни айтган эди:

"Мен уни ўта муҳим қаҳрамон сифатида гавдалантиришни ўйламаган ҳам эдим. Супермен жасур қаҳрамон эмас¸балки оддий дўст бўлиши керак деб ўйлаган эдим."

Мушкул дамларда зудлик билан одамларга ëрдамга келувчи дўст қиëфасини киноленталарда мухрлаган актер Кристофер Рив оламдан ўтди.

Рафиқаси Дана ва уч фарзанди унинг орқасида қолди. Ривдан нафақат кинодаги "Супермен" образи¸ балки "Ҳали мен борман" деган автобиографик китоб ҳам киносеварларга мерос бўлиб қолди.
XS
SM
MD
LG