Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:02

Бош вазир ҳокимни ишдан олди


Хабарларга қараганда, 9 октябрь куни бўлиб ўтган Наманган шаҳри фаоллари йиғилишида иштирок этган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев шаҳар ҳокими Аюбхон Раҳматуллаевни вазифасидан четлаштирган.

Мустақил кузатувчи Ғафуржон Тошпўлатовнинг сўзларига қараганда, йиғилишда Бош вазир ҳокимни шаҳар аҳолисини пахта теримига тўлиқ жалб этмаганликда айблаган. Ш.Мирзиёев 400 минг киши яшайдиган Наманган шаҳридан бор-йўғи 10 мингга яқин одам теримга чиқарилаётганини салбий баҳолаган. Бош вазир А.Раҳматуллаевни йиғилиш залидан чиқариб юборган. А.Раҳматуллаев жорий йилнинг 6 январида шаҳар ҳокимлигига тайинланган эди.

Маълум бўлишича, вилоят раҳбариятига ҳозир теримда банд бўлганларга қўшимча яна 40 минг фуқарони далага олиб чиқиш топшириғи берилган. 10 октябрдан бошлаб Наманган шаҳри ва туманлардаги бозорларда, маҳаллаларда, давлат ва нодавлат ташкилотларда ўз юмушлари билан банд бўлган кишилар мажбурий равишда пахта теримига жалб этиляпти. Йўл-патруль хизмати ходимлари хусусий автомобиль эгаларини ҳам пахта теришга мажбур қиляпти.

Айни пайтда Наманган шаҳри ҳокими вазифасини шу вақтгача ҳокимнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келган Акмалхон Абдуғаффоров бажармоқда. Вилоят давлатга пахта топшириш режасини бажаргач, шаҳар халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида Наманганнинг янги ҳокими тайинланиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG