Линклар

logo-print

“Ҳукумат уйи” бузилади


Саида Хабарларга қараганда, Тошкентдаги Мустақиллик майдонида қад ростлаб турган 20 қаватли осмонўпар бинони (шўро даврида “Ҳукумат уйи” дея номланган) бузиш ҳаракатлари бошлаб юборилган.

“Озодлик” мухбири мана шу хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармасига мурожаат қилди. Бироқ бошқарма мутасаддилари маълумот беришни истамади. Шунингдек, Тошкент шаҳрини обод қилиш ва қайта тиклаш бош лойиҳалаш институтидан ҳам маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ниҳоят “Бошрежалойиҳа” илмий тадқиқот институтидан баъзи саволларга жавоб олиш мумкин бўлди.

Институтнинг ўз номини ошкор этишни истамаган мутахассиси сўзларига қараганда, 20 қаватли мазкур бино 30 йил муқаддам қурилган бўлиб, айни пайтда уни бузишга киришилган. Аммо бино бутунлай бузиб ташланмайди. Унинг юқори етти қавати олиб ташланиб, 13 қавати сақлаб қолинади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, “Бошрежалойиҳа”га бинонинг сақлаб қолинадиган қисми зилзилабардошлигини текшириш топширилган. Бу борадаги ишлар якунлангач, тегишли ҳужжатлар Архитектура ва қурилиш бошқармасига тақдим этилади. Агар бинонинг зилзилага бардошлилиги ҳисоб-китоблардагидан паст чиқса, бинони мустаҳкамлаш бўйича ишлар олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида Тошкентда ўта баланд бинолар қуришга қарши эканини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG