Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:20

Бир тонна пахтадан деҳқон қанча фойда кўрадию давлат қанча?


Турғунбек Маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида, жумладан, Андижонда ҳам қўлда терилган бир килограмм пахтага 30 сўмдан ҳақ тўланмоқда.

Андижон вилоятидаги Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари Паҳлавон Туркбоев бугунги кунда терилган пахтанинг ҳаммаси фақат биринчи навга сотилаётгани, теримчиларга ҳар бир килограмм пахта учун 30 сўмдан ҳақ тўланаётгани таъкидлади.

Туман далалаларида меҳнат қилаётган теримчиларнинг сўзларига кўра, ҳозир бозорлар қимматлаб бораётган бир пайтда деҳқонларга тўланаётган пул арзимас кўринади. Чунки бир теримчи юз килограмм терса, қўлига 3 минг сўм тегади. Бир йил давомида қилинган меҳнат учун фақат шу мавсумдагина қишлоқ меҳнаткашларининг қўлига пул тегиши, бунинг устига, терим жуда оғир меҳнатлиги назарда тутилса, пахта учун белгиланган пул жуда пастлиги кўринади.

1 гектар ерда деҳқончилик қилган фермер пахтадан ўзи ва давлат кўраётган фойдани таққослаб берди.

“Ширкат билан тузган шартномага асосан 1 гектар ердан 3,5 тонна пахта топширишим керак. Бу майдонда ишлаганим учун ёз бўйи 10 литр пахта ёғи, 10 минг сўм пул, 200 килограмм буғдой олдим. Терилган 3,5 тонна пахтага 90 минг сўм олдим. Бир йиллик жами даромадим 130 минг сўмни ташкил этади. Энди шу 3,5 тонна пахтадан давлат қанча даромад қилишини ҳисоблайлик. Агар бунча пахтадан 1 тонна тола чиқса, 1 миллион 300 минг сўм бўлади. Бундан ташқари, кунжара, шелуха, 300 килограмм пахта ёғи, 1,5 мингта совун чиқишини ҳисобга олсак, 3,5 тонна пахтадан камида 2 миллион 200 минг сўм даромад қилинади. Демак, менга етиштирган пахтамнинг 6-7 фоизи миқдорида тўланяпти”, дейди фермер.

Фермернинг билдиришича, хўжалик уруғликни давлатга 40 сўмдан етказиб берса, кейинги йили давлатдан 500 сўмга сотиб олади. Ёқилғи, минерал ўғит ҳам қиммат. Етказиб берилган ҳосил учун пахта заводларни ўзлари хоҳлаган вақтда хўжаликка пул ўтказади. Харажатлар ошиб бораётгани учун рентабеллик умуман йўқ.

Шўролар даврида косаси оқармаган деҳқоннинг мустақиллик йилларида ҳам елкасига офтоб тегмаётир. Шунинг учун уларда ҳукуматнинг пахта сиёсатидан норозилик кучли.

“Расмийлар харажат кўп деган баҳона билан бизга кам пул беряпти. Қирғизистонда, Тожикистон ва Қозоғистонда пахта етиштиришда харажат йўқми! Бу маддоҳлар баҳона қилиб бизга совуннинг пулини ҳам бермаяпти. Қирғизистонда бир гектар пахтаси бор деҳқон ўзининг тирикчилигидан орттириб ҳажга ҳам бориб келяпти. Пахта етиштиришда улар қанча харажат қилса, Ўзбекистонда ҳам шу. Лекин бизда деҳқоннинг орқасидан армия ҳам, милиция, прокуратура, суд ва ҳоказолар ҳам кун кўряпти”, деди фермерлардан бири.

Избоскан туман ҳокими Илҳомжон Собировнинг “Андижоннома” газетасида босилган мақоласида айтилишича, ўтган йили туман пахтадан 5 миллиард 606 миллион сўм фойда кўрган, жорий йилда бу кўрсаткич 8 миллиард 550 миллион сўмдан ортган.

Кузатувчиларнинг фикрича, расмийлар эълон қилаётган рақамлар ва ҳақиқий аҳвол ўртасида фарқ бўлмаганда эди, камида деҳқоннинг усти бут, қорни тўқ бўларди. Афсуски, ундай эмас...
XS
SM
MD
LG