Линклар

2004 йилги Нобел Тинчлик мукофоти кениялик атроф-муҳит ҳимоячисига берилди

  • Ҳасанжон

Рукннинг бугунги сонида Африка қитъаси атроф-муҳитини муҳофаза қилишда кўрсатган кўп йиллик хизматлари учун 8 октябр куни кениялик атроф-муҳит ҳимоячиси Вангари Маатай Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлгани шунингдек, сўнгги икки йил давомида атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори кескин ошгани ва бу борада Ўзбекистондаги вазиятга оид маълумотлар билан танишасиз.

Сўнгги чорак аср давомида Африканинг кўплаб давлатларида минглаб гектар майдондаги ўрмон саноатга ёғоч етказиб бериш учун кесиб йўқ қилинмоқда. Вангари Маатай 1977 йилда “Яшил белбоғ” ҳаракатини ташкил этиб, ўрмонларни қайта тиклаш ишларига бошчилик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида яшил белбоғчилар Африка давлатларида 30 миллиондан ортиқ дарахт кўчати ўтқазди.

Маатай тарафдорлари уни жасур, “яшил жангчи” десалар, рақиблари учун у ақлдан озган, бир қайсар хотин. Аммо ўтган ҳафтада беш аъзодан иборат Норвегия Нобел Қўмитаси 2004-йилги Нобел Тинчлик мукофоти Вангари Маатайга берилганини эълон қилгунича, хеч ким Маатайни “тинчлик посбони”, дея атамаган.

Норвегия Нобел Қўмитаси раиси Ула Данболт Мйус Осло шаҳрида дунёдаги энг нуфузли мукофот - 2004 йилги Нобел Тинчлик мукофоти кимга насиб этганини шундай эълон қилди:

”Барқарор тараққиёт, демократия ва тинчлик йўлидаги хизматлари учун Норвегия Нобел Қўмитаси 2004 йилги Нобел Тинчлик мукофотини Вангари Маатайга беришга қарор қилди“ - деди Нобел қўмитаси аъзоси.

Касби биологлик бўлган 64 ёшли Маатай табиий ресурслар тинчлик учун муҳим аҳамиятга эгалигини, агар табиий бойлик кам бўлса, тинчлик бўлмаслигини айтади.

Маатайнинг Африка табиати муҳофазасига қўшган хиссасини юқори баҳолар экан Мйус ер юзида тинчлик барқарор бўлиши одамларнинг яшаш муҳитига ҳам боғлиқ, деган фикр билдирди:

”Ер юзида тинчлик бўлиши ўзимиз яшаётган муҳитни сақлаб қолишимизга боғлиқ. Маатай Кения ва умуман Африкадаги экологик, ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётнинг олдинги жабҳасида турибди“.

Ула Данболт Мйусга кўра, Норвегия Нобел Қўмитаси “тинчлик” тушунчаси таркибига экологик хавфсизлик тушунчаси ҳам киритилиши керак, деган ҳулосага келган.

Айни пайтда, “Greenpeace” халқаро ташкилоти куни кеча эълон қилган баёнотда Вангари Маатай миллионлаб дарахт кўчати ўтқазиш орқали атроф-муҳит ва тинчлик ўртасида узвий алоқа борлигини кўрсатгани таъкидланади.

Халқаро ташкилот баёнотида шунингдек, минг йиллар давомида маҳаллий халқларга бошпана бўлиб, уларни асраб келган ўрмонлар кесиб ташланса, халқлар ўртасидаги табиий чегара йўқолиши, ҳаёт учун муҳим бўлган манбалар камайиши ҳамда мислсиз қурғоқчилик юз бериб, экосистеманинг издан чиқиши оқибатида рақобат ва урушлар келиб чиқиши мумкинлиги алоҳида таъкидланади.

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши дунёнинг турли минтақаларида оғир вазиятни вужудга келтирмоқда. Хусусан, Осиё давлатларида қурғоқчилик, Европа давлатларида об-ҳавонинг меъёрдан ортиқ исиши кузатилаётган бир пайтда Америкада тўфонлар юз бермоқда.

Ҳаммага яхши маълумки, ўсимликлар карбонат ангидрид газини тирик организм учун муҳим бўлган кислородга айлантиради. Ўрмонлар эса ер шарининг ўпкаси ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг саноат корхоналари ва транспорт воситаларидан атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдори йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Маълумотларга кўра, ер атрофида карбонат ангидрид миқдори сўнгги икки йил ичида кескин кўпайган. Ғарблик олимлар фикрича, бу жараён иқлим исиши жараёнини тахмин қилинганидан кўра анча тезлаштириши мумкин.
XS
SM
MD
LG