Линклар

Режа бажарилди, ўқувчилар эса пахта теришни давом эттиради


Фирдавс 12 октябрь куни Қашқадарё вилояти Ўзбекистонда биринчи бўлиб давлатга пахта топшириш шартномавий режасини уддалади. Вилоят деҳқонлари давлатга 400 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси етказиб берди.

Маълумотларга кўра, сўнгги 20 йил ичида вилоят илк марта республикада биринчи бўлиб пахта териш режасини бажарган. Кейинги 3-4 йил давомида эса вилоят давлатга пахта етказиб бериш режасини бажармай келган. Иқтисодчи мутахассислар бу йилги муваффақиятни охирги 15-20 йилда вилоятда пахтачиликда қўлга киритилган катта ютуқ сифатида баҳоламоқда.

Маълум бўлишича, шу кунларда вилоят далаларида 250 мингдан ортиқ киши пахта термоқда. Уларнинг 190 мингдан кўпроғи ҳашарчилардир. Ҳашарчиларнинг асосий қисмини талабалар ва мактаб ўқувчилари ташкил этади.

Хабарларга кўра, талаба ва ўқувчилар сентябрь ойи бошларида пахта теримига жалб этилган. 4 октябрдан эса чўл ҳудудларидаги мактабларнинг 1-синф ўқувчиларигача теримга олиб чиқила бошлаган. Гарчи расмийлар фақат 8-синфдан юқори ўқувчиларгина теримга олиб чиқилаётганини айтаётган эса-да, аслида 4-5-6 синфлар ёппасига теримда иштирок этаётганига анча бўлган.

Одатда режа бажарилгандан сўнг ўқувчиларнинг ўқишга қайтарилиши тезлашади. Вилоят пахта штаби бошлиғи Жонимқул Ҳасановнинг маълум қилишича, ёш ҳашарчиларни пахтадан қайтариш ҳақида ҳозирча гап бўлаётгани йўқ. Чунки вилоят далаларида ҳали ҳосил кўп. Қолаверса, режадан ташқари пахта топшириш бўйича мажбурият ҳам олинади. Ёш ҳашарчилар эса камида яна 10-15 кун далада бўлиши аниқ.
XS
SM
MD
LG