Линклар

Афғонистондаги сайлов мўъжизага ўхшайди


Ишонч “Озодлик” мухбири Афғонистонда бўлиб ўтган Президент сайловининг қўшни Ўзбекистонга кўрсатадиган ижтимоий-сиёсий таъсири тўғрисида ўзбек зиёлиларининг фикр-мулоҳазалари ўрганди.

Сиёсатшунос Иброҳим Норматовнинг сўзларига қараганда, нуфузли халқаро ташкилотлар Афғонистондаги сайловни бўлиб ўтган ҳисоблади. Унинг натижалари ҳисоб-китоби Ҳомид Карзайнинг ғалабасини кўрсатиши мумкин. Мамлакатда миллий тотувлик, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилса, Ўзбекистонга ижобий таъсири бўлиши табиий. Карзай ҳукумати билан Ўзбекистон ўртасида илгаридан яхши муносабат мавжуд. Агар Карзай сайловда ғалаба қозонса, пуштун, тожик, ўзбек ва бошқа миллат вакилларидан иборат янги ҳукумат тузиб, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сиёсатшунос Шавкат Абдуллаевнинг таъкидлашича, барқарорлик бўлмаган мамлакатда шундай сайловнинг ўтказилиши мўъжизага ўхшайди. Сайловнинг бу тарзда анча тинч ва фаол ўтишини ҳеч ким кутмаган эди. Бу ҳолат уруш, очлик ва зўравонлик афғон халқининг жонига текканини кўрсатади.

Афғоншунос олим Ориф Усмонов Афғонистондаги сайловнинг минтақага катта таъсири борлигини эътироф этди.

“Афғонистонда тинчлик бўлса, бутун минтақада ҳам барқарорлик бўлади. Бу мамлакатдаги наркобизнес балоси илдизига болта урилади. Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқишига имконият яратилади”, деди олим.

Шарқшунос олим Гога Ҳидоятовнинг фикрича, Афғонистонда қонуний ҳокимият юзага келса, Ўзбекистоннинг жануб орқали дунёга чиқиши тезлашади. Зеро, Ҳомид Карзай Ўзбекистонга нисбатан катта ҳурмат билан қарайди. Бу эса Ўзбекистон учун янги иқтисодий имкониятлар очиб беради.

Ш.Абдуллаевнинг билдиришича, дунёда наркобизнес 400 миллиард доллар савдо айланмасига эга. Наркотик моддаларнинг катта қисми Афғонистонда ишлаб чиқарилади. Бу моддаларнинг бир қисми Ўзбекистон орқали ўтиб, Россияга, Европага, ҳатто Америкага ҳам етиб боради. Карзай ҳукумат тепасига келса, бу муаммони бартараф қилишга уринади. Мамлакатдаги диний экстремизм Ўзбекистон учун кўпчилик ўйлаган даражада хавфли эмас.

И.Норматов Афғонистон бундан кейин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Марказий Осиё доирасидаги турли тузилмалар фаолиятида қатнашиб, наркобизнес ва терроризмга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшишини тахмин қилди.
XS
SM
MD
LG