Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

Суръат Икромов: “Суд жараёнлари ёпиқ ўтяпти, деб ҳисоблаймиз”


12 октябр куни Бухоро вилояти жиноят ишлари судида жорий йилнинг баҳорида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир этилган портлашларга алоқадорликда гумон қилинган 24 киши устидан ўтказилган суд жараёни ниҳоясига етди.

Хабарларга кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий гуруҳ ташкил этиш каби моддалари бўйича айбланди. Қарийб бир ой давом этган суд жараёни ниҳоясида айбланувчилар 4 йилдан 18 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди. Энг узоқ, яъни 18 йиллик қамоқ жазоси Фазлиддин Тўхтаевга берилди. 15 кишига эса 15 йилдан 17 йилгача қамоқ тайинланди.
Судланувчиларнинг 8 нафари хотин-қизлар эди. Улар орасида ёш болалилари, ҳомиладорлари ҳам бор. Гулшод Ҳусенованинг қорнида 7 ойлик боласи борлиги инобатга олиниб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Фароғат Акрамовага 9 йил, бошқа аёлларга эса 5 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.

Маълум бўлишича, судланувчи Сайёра Наврўзова ҳибсхонада туққан бўлиб, 2 ойлик фарзанди бўлишига қарамай, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шу билан бирга, унинг эри ва қайнотаси ҳам қамалган. Қамалганлар орасида бир оиладан бўлганлари анчагина. Судланувчиларнинг барчаси Ромитан туманида яшаган.

Маълумотларга кўра, суд мажлисларига инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, маҳаллий ва хорижий журналистлар киритилмаган. Адвокатлар эса суд ҳукмидан норозилигини билдирган.

Айни кунларда Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида 23 киши, Тошкент вилояти судида 5 киши, Қарши шаҳри судида 16 киши устидан суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Уларнинг барчаси терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний экстремистик оқимларга алоқадорлик каби жиноятлар содир этишда айбланяпти.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг маълум қилишича, расмий маълумотларда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги портлашларга алоқадорликда айбланиб, 85 фуқаро судга тортилгани қайд этилган. Бироқ бу рақам яна бир неча баробар ошиши мумкин. Зеро, яқин кунларда Тошкент ва Бухорода шундай оммавий суд жараёнлари ўтказилиши кутиляпти.

“Биз бу суд жараёнлари ёпиқ ўтяпти, деб ҳисоблаймиз. Чунки уларга фақат олдиндан тузилган рўйхат бўйича киритилмоқда. Баъзи суд мажлисларига судланувчиларнинг энг яқин қариндошлари ҳам қўйилмаётир. Қаршида ўтаётган судга адвокат ҳам киритилмагани ҳақида маълумотлар бор”, деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG