Линклар

Прокурор инсон ҳуқуқлари ҳимоячини қоралади


Турғунбек Андижон вилояти ҳокимлиги нашри бўлмиш “Андижоннома” газетасининг 1 октябрь кунги сонида Марҳамат тумани прокурори Бахтиёр Йўлчиевнинг “Эзгуликка зид” сарлавҳали мақоласи босилди.

Мақола “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддинов фаолиятига бағишланган. Унда Д.Муҳиддинов жорий йилнинг 18 сентябрь куни туман прокуратураси ва ҳокимлиги бинолари олдида бир гуруҳ фуқаро билан намойиш уюштиргани, фуқаролар қўлига “2004 йил-адолатсизлик йили” сўзлари битилган плакатлар тарқатгани айтилади. Мақолада ёзилишича, бу айби учун туман суди Д.Муҳиддинов ва унинг “шериклари” – Халқаро инсон ҳуқуқлари жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси Муҳаммадқодир Отахонов ва “Эзгулик” жамияти Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари Абдуғаффор Дадабоевга маъмурий жазо тайинлаб, уч кунлик қамоққа ҳукм этган.

Прокурор “Эзгулик” қандай ташкилотлиги ҳақида тушунтириш берар экан, оила қурмаган, ўрта махсус маълумотга эга 25 ёшли Д.Муҳиддинов илгари бирор давлат идорасида масъул вазифани бажармаганини билдиради ва бу каби инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига эҳтиёж йўқ, деган хулосага келади.

“Озодлик” мухбири мақолага муносабат билдиришини сўраб Д.Муҳиддиновга мурожаат қилганида у мақолада келтирилган мисоллар мантиққа тўғри келмаслиги таъкидлади.

“Мақолада мен каби инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига муҳтожлик сезилмаслиги, ҳар бир киши ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳокимият ва суд-ҳуқуқ идораларида ҳимоя қила олиш имкониятига эгалиги ёзилади. Бундан Президентимиз Ислом Каримов ва Адлия вазирлиги “Эзгулик”ни рўйхатдан ўтказиб хато қилган, деган мантиқ келиб чиқади”, деди Д.Муҳиддинов.

“Эзгулик” жамияти вилоят бўлими раиси ўринбосари А.Дадабоевнинг сўзларига кўра, мақолада тилга олинган суд жараёни аслида қонунга зид равишда ўтказилган. Зеро, судда далилий ашёлар кўрсатилмаган. Суддан аввал гувоҳларга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тазйиқ бўлган.

“Демократик ташаббус” маркази Андижон вилояти бўлими раиси Дилшод Тиллахўжаевнинг фикрича, Андижонда жиноятчилик кўрсаткичлари ўта юқори бўлган бир вақтда Марҳамат тумани прокурори инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини қоралаётгани нотабиийдир. Мамлакат Президенти вилоятнинг аввалги ҳокими Қобилжон Обидовнинг жиноий қилмишлари ҳақида гапирган бўлса-да, унинг устидан жиноят иши қўзғатилиш у ёқда турсин, бу ҳақда бирорта мақола чиқмаган. Вилоят собиқ прокурорининг ўғли бир аёлни ўлдирган. Прокуратура сафини тозалаш ҳақидаги мақолалар чиқиш ўрнига, газеталарда ҳуқуқ ҳимоячилари қораланмоқда.
XS
SM
MD
LG