Линклар

logo-print

Ҳашарчи талаба вафот этди


Меҳрабон Хабарларга қараганда, пахта теримига жалб қилинган Урганч тиббиёт коллежининг фармацевтика бўлими иккинчи курс талабаси Анвар Ҳасанов 3 октябрь куни оламдан ўтган.

Ҳасановлар хонадони аъзоларининг сўзларига қараганда, Анвар пахта тераётган жойдаги қудуқдан сув ичгач, мазаси қочган. Унинг қорни оғриб, тўхтовсиз қайт қилавергач, тиббий тез ёрдам машинасида Боғот тумани шифохонасига олиб келинган. Эртасига эса Анвар Урганч шаҳри юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган. Бу ердан бемор вилоят шошилинч тиббий ёрдам марказига ўтказилган. Унинг касаллик варақасида ёзилишича, касаллик ич кетиш ва қайт қилишдан бошланган. 26 сентябрдаги терапевт кўригида бемор қорин оғриғидан шикоят қилган. Шундан сўнг Анвар бир неча кун беҳуш ётган ва 3 октябрда оламдан ўтган.

Курсдошларининг хотирлашича, Анвар бошқа талабалардан ажралиб турган, жуда яхши ўқиган. Унинг вафот этганини эшитиб, барча талабалар йиғлаган.

Урганч тиббиёт коллежининг 450 талабаси Боғот туманининг Машариф Қувоқов номидаги ширкат хўжалигида жойлашган 26-болалар боғчаси биносида ётиб, пахта термоқда. Бу ердаги шароит санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермаслигини кўриш мумкин. Ўғил болалар совуқ бетон устига кўрпа тўшаб ухлайди.

Ҳашарчи талабаларнинг айтишича, хоналар совуқ, сув эса шўр бўлиб, ичишга яроқсиз. Иссиқ сув муаммо, талабалар совуқ сувга ювинади. Талабалар касал бўлса ҳам теримга чиқарилаверади. Бемор талабаларга ҳаддан ташқари ёмон бўлиб қолмагунча эътибор қаратилмайди.

Талабалар орасида “пахта териш мажбурий, овқат ейиш ихтиёрий” деган шиорга ўхшаш гап юради. Уларнинг таъкидлашича, овқат етмай қолиш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Агар эрталаб кечроқ уйғонса ёки теримдан кечроқ қайтса, талаба оч қолиши ҳам мумкин. Бунинг устига, овқат сифатсиз.

Коллеж ўқитувчилари А.Ҳасановнинг илгаридан касал бўлгани, унинг ўлимига пахта теримини сабаб қилиб кўрсатиш нотўғри эканини айтмоқда. Анварнинг ота-онаси эса фарзанди соғлом бўлгани, соғлиғидан ҳеч қачон шикоят қилмаганини билдирмоқда. Шифокорлар эса унга жигар церрози ташхисини қўйган.

Агар Анвар ҳақиқатан ҳам касал бўлса, нега пахта теримига жалб қилинди? Коллеж раҳбарияти бу саволга жавоб беришдан қочди.
XS
SM
MD
LG