Линклар

Оқ йўл Сизга, Солижон!

  • Сарвар Усмон

14 октябрь куни Қозоғистондаги Бойқўнир космодромидан Россиянинг "Союз" фазо кемаси учирилди. Таги қирғизистонлик ўзбек, Россия фуқароси, экипаж командири космонавт Солижон Шарипов, америкалик астронавт Лерой Чиао ҳамда россиялик космонавт Юрий Шагринлар бошқараётган кема 16 октябрь куни Халқаро космик станция билан туташади.

У ёки бу таниқли шахс билан учрашиш, унга ёқимли-ёқимсиз саволлар бериш журналистнинг хизмат вазифаси. Ҳар бир журналист ўз фаолияти давомида суҳбатини олган машҳур кишиларни эслаб ёзса, анча катта рўйхат бўлади.

Камина ҳам тузиши мумкин ўшандай рўйхатни. Агар тузадиган бўлсам, ўша рўйхатдаги энг ёрқин исмлардан бири Солижоннинг исми бўлади.

Мен ҳозир Солижон Шариповни 1998 йилги биринчи парвозидан сўнг ватандошлари – қирғизистонликлар- нинг кутиб олиши мамлакат миқёсидаги улкан байрамга айланиб кетгани, унинг камсуқум, меҳнаткаш отаси Шокиржон ота, қариндош-уруғлари, пастки Ўзганнинг юзи асфальт кўрмаган кўчаларидан биридаги ўзбекона оддийгина уйи ҳақида соатлаб ҳикоя қилиб беришим мумкин.

Солижон Ўзганда яхши ният билан ўз қўли билан минглаб кўчат ўтқазиб, теракзор барпо қилган. Унинг тераклари шу кунда буюмбоп бўлиб қолган бўлса ҳам керак.

Ҳа соатлаб гапиришим мумкин Солижон ҳақида, бироқ Сизни менинг хотираларим эмас, Солижоннинг ўзи, унинг овози қизиқтиради.

"Программамиз жуда катта, очиқ космосга чиқишдан ташқари 100 дан ортиқ тажриба ўтказамиз,"- деган эди Солижон Шарипов бундан қарийб бир ой муқаддам, космонавтларнинг Москва яқинидаги Звёздний шаҳарчасидаги уйида, парвозолди имтиҳонларини топшираётган пайтда.

Қирғиз-ўзбек-рус космонавти Солижон соф ўзбекча, ўзганча ўзбекча гапиради. Бироқ, Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири Ўшдан туриб қўнғироқ қилгани учун, унинг ҳурмати қирғизча гапиришга ҳаракат қилди. Суҳбат давомида Солижон туғилиб ўсган юрти Қирғизистоннинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилаётганини таъкидлаб, фазога мамлакат рамзларини олиб чиқиб кетаётганини билдирди.

Ҳа, тақдир тақозоси билан эски совет паспортини Россия паспортига алмаштиришга мажбур бўлган Солижон туғилиб ўсган юртини унутгани йўқ. У фазога бу сафар ҳам Қирғизистон рамзларини олиб чиқиб кетди. Ўз навбатида Қирғизистон ҳукумати ҳам унинг хизматларини муносиб баҳолаган. Солижон Шарипов – Қирғизистон Қаҳрамони. Президент Ақаев космонавтга Бишкекда уй совға қилган.

Айни пайтда Солижон ўзбек сифатида Ўзбекистоннинг ҳам ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қилаяпти. 98-йилги парвозида у Ўзбекистон байроғини ўзи билан бирга фазога олиб чиққан эди.

Солижонга Қирғизистон Қаҳрамони унвони берилишини унинг космонавт сифатидаги жасоратига берилган баҳодан кўра, шу мамлакат фарзанди сифатида миллатлараро тотувликка қўшган ҳиссаси эътирофи, деб баҳолаш тўғрироқ бўларди. Зеро у биринчи бор фазога чиқиб тушгач, қирғизистонлик ўзбек ҳам, қирғиз ҳам Солижонни "бизники", "бизнинг юрт" фарзанди деди. Ўзбек ҳам, қирғиз ҳам Солижон билан бирдай фахрланди.

Умуман, гап миллатларо тотувлик масаласига келиб тақалган экан, минтақадаги халқлар бир-бирларининг тилларини ўрганиши уни, ўша тотувликни таъминлашнинг энг яқин йўли бўлиб кўринади. Шу маънода Солижоннинг опаси Матлубахон Шарипова ҳам бошқаларга намуна бўлиши мумкин. Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири саволларига Матлубахон соф қирғиз тилида жавоб берди

Бишкекдан олинган хабарга қараганда, ўзбек ва қирғизнинг биринчи космонавти, "Союз" фазо кемаси экипажи командири Солижон Шариповни 14 октябрь куни Бойқўнирдан космосга Қирғизистон Республикаси Давлат котиби Ўсмўнақун Ибраимов етакчилигидаги давлат делегацияси кузатиб қўйди.

Кузатувчилар орасида Солижоннинг ўзганлик дўстлари, опаси Матлубахон, камсуқум, меҳнаткаш отаси Шокиржон ота ҳам бор эди.
XS
SM
MD
LG