Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Афғонистондаги ҳарбий амалиëтларга қўмондонлик қилиш НАТОга топшириладими?


Азизулло Арол Чоршанба куни Руминияда НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг икки кунлик учрашуви иш бошлади. Учрашувда Афғонистонда АҚШ ва НАТО етакчилигида олиб борилаëтган барча ҳарбий амалиëтлар бошқарувини НАТОга топшириш тўғрисидаги Америка ташаббуси муҳокама қилинди. НАТО учрашувида Россия Мудофаа вазири ҳам қатнашди. Айрим кузатувчилар Россия Афғонистондаги тинчлик сақлаш ҳаракатларида қатнашмаслигини айтишмоқда.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терррор ҳужумларидан кейин Америка халқаро террорчиликка қарши ҳаракатларни Афғонистондан бошланди. Толибон ва Ал-Қайда тармоқларини бартараф этиш мақсадида Афғонистонга АҚШнинг 18 минг ҳарбий хизматчиси юборилди. Бу кучларнинг аксарият қисми мамлакат жанубий чегараларида жойлаштирилган. Афғонистонда айни пайтда НАТО тинчлик сақловчи кучлари ҳам ўрнатилган. 9 мингга яқин ҳарбий асосан пойтахт Кобул ва мамлакат шимолида хавфсизликни таъминлаш ишлари билан шуғулланади. Вашингтон ана шу икки ҳарбий тузилма фаолияти устидан қўмондонликни НАТО зиммасига топширилишини истайди. Ташкилот мудофаа вазирларининг Руминияда ўтказилган йиғилишида ҳам асосан шу мавзу муҳокама этилди.

Германия Мудофаа вазири Петер Штрук унинг мамлакати Афғонистондаги барча ҳарбий амалиëтлар бошқарувини НАТОга топшириш бўйича АҚШ ташаббусига қарши эканлигини билдирди. Унга кўра¸ НАТОнинг Афғонистондаги вазифаси халқаро терроризмга қарши кўрашиш эмас¸ балки мамлакатда барқарорликни мустаҳкамлашдир. Маълумки¸ Германия НАТО тинчлик сақловчи ушбу кучлар таркибига энг кўп ҳисса қўшаëтган мамлакат.

Германиядан ташқари Франция Мудофаа вазири ҳам АҚШ таклифига қаршилик билдирди. Лекин қаршиликларга қарамай НАТО Бош котиби Яап де Хооп Схеффер бу масала муҳокама этилишини билдирди.

"Афғонистонда вазифалари икки тур бўлган кучларнинг мавжуд бўлиши мамлакатда узоқ муддат учун унга қўлай бўлмаган ҳолат. Шу боис амалий режада икки кучни бирлаштириш мақсади белгиланган. Энди ташкилот турли жиҳатларини муҳокама этади"¸ - деди НАТО Бош котиби.

Ташкилот йиғилишида қатнашган Россия расмийлари бу борада ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Аммо россиялик мутахассислар фикрича¸ Россия Афғонистонда НАТО қўмондонлиги остидаги кучларга ўз қушинларини юбормайди. Россия Ҳарбий Фанлар Академияси раиси Махмут Гареевнинг ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига айтишича¸ Россия Афғонистон билан боғлиқ ноҳарбий соҳаларда ҳамкорлик қилади.


1989 – 1991 йиллар давомида Афғонистон президентининг ҳарбий маслаҳатчиси бўлган Махмут Гареев ҳозирги вазиятда Россия Афғонистонга иқтисодий ëрдам кўрсатиш¸ ҳукумат кучларини жиҳозлар билан таъминлаш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиши керак¸ деб ҳисоблашини айтади.
XS
SM
MD
LG