Линклар

Туя минг танга

  • Абдулла Искандар

14 октябр куни Қозоғистон парламентининг қишлоқ хўжалиги масалалари билан шуғуллнувчи қўмитаси 2005 йилда чорвачилик ривожи учун маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқди. Қозоғистон Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги 2005 йилда чорвачиликни ривожлантиришга 79 милиард 230 милион танга ажратишини билдирди. Бу ўтган йилдагидан 10 миллиард танга кўп деганидир.

-Туя минг танга.
- Мана минг танга !

Жанубий Қозоғистонда чорвачилик билан шуғулланадиган Қосим Масҳатов бу йил жўхори экиш учун давлатдан молиявий кўмак олган эди.
Жўхори пишгандан кейин Қосим ака ëнига дон сотиб олиш учун ҳаридорлар келди. Қосим ака ўзи етиштирган жўхорини сотиш нияти йўқлигини айтади:

"Уни сотиш учун етиштирмадик. Ўзимизнинг молларга ем-ҳашак бўлсин деб етиштирдик.1200 бош қорамолимиз бор¸ уларнинг 300 боши соғин сигирдир. Ўшаларни қишдан омон-эсон олиб чиқиш учун бизга 350-400 тонна жўҳори дони керак¸"-дейди давлатдан мақсадли кредит олиб ем-ҳашак масаласини ҳал қилган қозоқ чорвадори.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мана бир неча йилдирки чорвачилик ривожи учун катта маблағлар ажратиб келмоқда. Вазирлик 2005 йилда чорвачиликни ривожлантиришга 79 милиард 230 миллион танга ажратишини билдирди. Бу ўтган йилдагидан 10 миллиард танга кўп деганидир.
Қозоғистон парламенти депутати Омонгелди Сиддиқов ажратилган маблағнинг ўз ўрнида ишлатилиши парламент назорати остида эканлигини айтади:

"Вазирлик мулозимлари бизга¸ маблағ ўз вақтида¸ соха эхтиëжларига ишлатилади деб ваъда берди. Маблағ асосан овулни ичимлик сув билан таъминлаш¸йўл-коммуникация тизимлари яхшиланишига сарфланади.Шу билан бирга чорва молларини қишлови учун алоҳида ҳаражатлар ҳам кўзда тутилди¸" - деди сенатор Омонгелди Сиддиқов. Сенатор Зауреш Батталова эса давлат ажратган 79 милиард 230 миллион танга маблағнинг етарли эмаслигини айтади:

"Овулнинг аҳволи ночор эканлигини биламиз ва ажратилган маблағ муаммоларни бартараф қилиш учун етарли эмас деб ҳисоблаймиз. Кўклам ва кузакда чорвадорларга ем ҳашак учун субсидиялар бериш масаласи ҳали охиригача ҳал бўлмади "¸-дейди сенатор.

Бундан уч йил олдин Қозоғистон яйловларини чигиртка босиши оқибатида чорва туëғи камайиб кетган эди. Давлат ажратган ëрдам боис Қозоғистонда мол туëғи кўпайганини айтилмоқда. Яқинда овул ҳақида туркум мақолаларини эълон қилган ëзувчи Жади Шақан ўғли гапиради:

"Кўплаган овулларни оралаб¸ ҳалқнинг турмушини кўриб қайтдим. Овул тирилаëтганини кўрдим. Тирилди деганимнинг боиси¸ мен 1998 йилда бир овулга борган эдим. Ўша пайтда аҳвол анча ëмон эди. Қўралар ҳувиллаган¸омборлар бўш эди.

Ҳозир¸орадан беш йил ўтиб бутунлай бошқа манзара қўралардаги қўйлар думбасини кўтара олмай ëтибди¸омборлар ем-ҳашак билан тўлган. Сал бойиган кишида мингдан ортиқ қўйи борлигини кўрдим
"¸- деди овулдан қайтиб келган ëзувчи.

"Қозоғистон ҳукумати томонидан Қишлоқ хўжалигига ажратилган моддий ëрдам овул манзарасини тубдан ўзгартирди "¸- деб ëзди "Эгемен Қозоғистон" газетаси.

Айни вақтда Қозоғистон чорвадорлари ҳукумат ëрдамисиз ҳам ўз меҳнати билан қаддини кўтаришга қодир¸фақат ҳалақит беришмаса бўлди дейди "Озодлик" радиоси Қозоқ ҳизмати журналисти Саида Хўжақизи:

"Қозоқ чорвадори ҳукумат ëрдамига қараб қолгани йўқ¸улар ўз меҳнати билан бой-бадавлат бўлиб бормоқдалар. Сирдарë бўйида Абдақ Байимбетов деган чорвадор истиқомат қилади.
Унинг икки мингдан зиëд йилқиси 600 қўйи 700дан зиëд туяси бор. Буларни ҳаммасига у ҳукуматнинг ëрдами билан эмас¸ балки ўз тадбиркорлиги натижасида эришди
, " дейди Қозоғистонлик журналист.

Абдақ Байимбетовнинг молу қўйлари нарҳини чўтга солиб кўрдик¸қўйларини ўртача 50 доллардан йилқиларни минг доллардан ҳисоблаганда умумий ҳисоб икки миллион доллардан ошди. Туя нарҳини эса била олмадик. Сирдарëнинг нариги бетидаги ўзбек чорвадори Туя бир танга қани бир танга деб турганда қозоқ чорвадори Абдақ Бойимбетов туя минг танга бўлса¸мана минг танга деб турган кўринади.
XS
SM
MD
LG