Линклар

logo-print

Ўзбекистон мина тозалашни тўхтатди


Феруза Ўзбекистон ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларни минадан тозалаш ишларини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Комил Жабборов “Айрин” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

К. Жабборовнинг сўзларига қараганда, минадан тозалаш ишларининг тўхтатилишига чегара хавфсизлигини таъминлаш воситалари, жумладан, тўсиқлар ва тиканли симлар етишмаслиги сабаб бўлган. Шунингдек, об-ҳаво ноқулайликлари ҳам бу жараёнга таъсир ўтказган. Масалан, минадан тозалаш ишлари бажарилаётган ҳудудларда сентябрь охирларида қор ёға бошлаган.

К.Жабборовнинг таъкидлашича, минадан тозалаш ишлари ўзбек ҳарбийлари эга бўлган имкониятлар даражасида амалга оширилмоқда. Бу ишга халқаро ҳамжамият томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётир.

Маълум бўлишича, ўзбек ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларни минадан тозалашга август ойида киришган. Сентябрь ойига келиб эса Шоҳимардон анклави атрофидаги миналар бутунлай зарарсизлантирилган.

“Озодлик” мухбири бу масалада Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат этганида элчихона ходими Шоҳимардон атрофи минадан тозалаб бўлингани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, ҳозирча Қирғизистон ҳукумати ҳам бу ҳақда ҳеч қандай маълумот тарқатмаган.

1999 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Қирғизистоннинг Боткен вилояти орқали Ўзбекистонга бостириб киришга уринганди. Шундан сўнг Ўзбекистон мамлакатга жангарилар, шунингдек, наркотик моддалар ва қурол-яроғ кириб келиши олдини олиш учун Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни миналаштирганди.

Маълумотларга кўра, 2000 йилдан буён Ўзбекистон ўрнатган миналарга учраб портлаш оқибатида қирғизистонлик 32, тожикистонлик 70 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG