Линклар

Нега бозорлар ёпилди?


Пахта териш кампанияси авж олгани муносабати билан Наманган вилоятининг кўплаб туманлари ва қишлоқлар марказларидаги савдо ва умумий овқатланиш шахобчалари, бозорлар ёпиб қўйилган.

Норин туманидаги Норинкапа қишлоғи фуқароларининг сўзларига қараганда, бозорларнинг ёпиб қўйилиши оқибатида қишлоқдагилар ёз бўйи етиштирган маҳсулотларни сотишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

“2-3 теримда пахта кам чиқяпти. Пахта терганингиз учун тўланадиган ҳақ йиртилган пойабзалингизнинг пулига арзимайди. Шунинг учун халқ теримга чиқмай қўйди. Одамларни теримга жалб қилиш учун бозорлар беркитилди. Бозор билан кураш халқ билан курашишга баробар. Чунки бозор бўлмаса, деҳқон ўзи етиштирган маҳсулотни сотмаса, улар қандай тирикчилик қилади?” деди қишлоқ аҳли.

Қишлоқдагиларнинг айтишича, 11 октябрдан бошлаб ҳатто 4-синф ўқувчилари ҳам мажбурий равишда теримга олиб чиқилмоқда. Бу ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлган. Айрим ота-оналар фарзандларини теримга юбормаётир.

Норинкападаги мактаб ўқитувчиларидан бирининг таъкидлашича, ўқувчиларни пахтага жалб этиш оқибатида ҳар йили турли кўнгилсиз воеалар юз бериб туради. Масалан, трактор ғилдираклари остига тушиб қолиш ҳолатлари бўлган.

Норинкапаликлардан бирининг билдиришича, қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари кишиларни пахтага жалб этиш учун турли пўписаларга ҳам бормоқда. Хусусан, кишилар пахтага чиқмаса, болалар учун нафақа пуллари бериш пайтида бу ҳолат инобатга олиниши айтилган.
XS
SM
MD
LG