Линклар

Цирк артисти арзимаган маош олади


Саида Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда замонавий кўринишга эга бўлган цирклар пайдо бўлганига 100 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Дастлаб Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Фарғона водийсидаги шаҳарларда ярим кўчмас цирк чодирлари пайдо бўлган.

Биринчи кўчмас цирк эса 1914 йилда Тошкентда очилган. 1942 йилда Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган бир пайтда собиқ СССРда биринчи бўлиб Тошкентда миллий цирк жамоаси тузилган.

“Ўзбекдавлатцирк “бирлашмаси директори ўринбосари Зуҳра Олтмишеванинг сўзларига қараганда, ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Тошкент давлат цирки биноси қад ростлаган. Бу ерда ҳозирги кунгача нафақат маҳаллий, балки кўплаб хорижий мамлакатлар цирклари ҳам ўз томошаларини намойиш этиб келяпти.

З.Олтмишеванинг таъкидлашича, “Ўзбекдавлатцирк” бирлашмаси ташкил этилгандан сўнг асосий эътибор ўзбек цирки миллийлигини таъминлашга қаратилган. Бироқ бу борада бир қанча муаммолар бор. Миллий кадрлар етишмаслиги ўзбек халқи анъаналарини цирк орқали кенгроқ тарғиб этишга тўсқинлик қилмоқда. Цирк артистлиги тор мутахассислик бўлгани учун маҳаллий миллат вакиллари орасида соҳага қизиқувчилар кам. Борлари ҳам иқтисодий аҳволни рўкач қилиб, циркни ташлаб кетиш ҳолатлари учраб туради.

Ўзбек миллий циркида ўзига хос ўрин тутувчи Зариповлар сулоласи вакили Ҳаким Зарипов шу кунларда 80 ёшни қаршилади. Шундан бўлса-да, у касбини ташлаб қўйгани.

Ҳ.Зариповнинг айтишича, қийинчиликларга қарамай, янги саҳна кўринишлари тайёрлаш давом этяпти. Бироқ цирк артистларининг маоши жуда кам. Улар 18-20 минг сўм ойлик олади.

Шу кунларда Тошкент давлат циркида россиялик цирк усталари томоша кўрсатмоқда. Бу томошалар чиптаси нархи жуда қиммат.

З.Олтмишеванинг маълум қилишича, Ўзбекистонда цирк чипталари баҳоси бошқа мамлакатларга қараганда анча арзон. Аммо ҳайвонлар иштирокидаги цирклар томоша кўрсатганда чипталар бироз қимматлашади. Чунки ҳайвонларни боқиш катта харажат талаб этади.

З.Олтмишева “Ўзбекдавлатцирк” жамоаси Тошкентда янги йил арафасида томошалар кўрсатишини, таътилдан ташқари вақтларда, асосан, гастрол сафарларида бўлишини билдирди.
XS
SM
MD
LG