Линклар

logo-print

Мактаблар суғурталанишни истамаяпти


Саида Айрим маълумотларга қараганда, 1968-1996 йиллар оралиғида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 14 марта кучи 7 баллдан юқори бўлган ер қимирлаши кузатилган.

Сейсмология илмий текшириш институтидан олинган маълумотларга кўра, 1996 йилда Тошкентда юз берган зилзила оқибатида 2,8 миллион квадрат метр сатҳга эга 35 минг бино жиддий талофат кўрган. Ўшанда ер қимирлаши кучи Рихтер ўлчови бўйича 8,5 баллни ташкил этган.

Мазкур институт директори Қаҳҳор Абдуллабековнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида ер ости қатламларининг ҳаракатланиш жараёни кетмоқда. Бу эса мамлакатда зилзила содир бўлиш эҳтимолини кучайтиради. Афсуски, Ўзбекистонда ер қимирлаш эҳтимолини олдиндан аниқлаш имкониятлари йўқ. Мамлакатда зилзилани ўрганиш станциялари сони жуда кам. Агар комплекс прогноз станциялари сони икки баробар кўпайтирилиб, улар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланса, зилзилани олдиндан айтиб бериш имконияти кўпаяди.

Мутахассислар фикрича, аҳолининг фавқулодда ҳолатларда ўзини қандай тутишни билмаслиги зилзила вақтида қурбонлар сони кўп бўлишига олиб келади.

Хўш, Ўзбекистон аҳолиси бундай фавқулодда вазиятларга қанчалик тайёр? Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вакили Игорь Листопадовнинг билдиришича, аҳолининг табиий офатлар ҳақидаги тушунчаларини ошириш мақсадида мамлакат миқёсида ўқувлар, семинарлар ташкил этиляпти. Бу машғулотларда зилзила вақтида ўзини тутиш, нималарга эътибор бериш ўргатилмоқда. Бу ишларда Қизил ярим ой жамияти кўнгиллилари фаол иштирок этаётир. Улар ҳар бир ташкилотда, ҳар бир муассасада бор. Ҳозир мамлакат бўйича кўнгиллар сони бир миллионга яқинлашиб қолган.

“Қизил ярим ой жамияти ҳар қандай фавқулодда вазиятга шай турибди. Унинг омборларида мавжуд воситалар 5 минг кишига зудлик билан бир марталик ёрдам кўрсатишга етади. Бироқ буни етарли деб бўлмайди” , деди И.Листопадов.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фавқулотда вазиятларда бошқарув маркази бошлиғи Бахтиёр Шариповнинг сўзларига кўра, табиий офатлар вақтида аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган тактик машғулотлар тегишли идора ва ташкилотлар томонидан барча вилоятларда олиб бориляпти.

“Кафолат” суғурта компанияси ташкилотлар ва фуқароларни фавқулодда ҳолатлардан суғурталаш билан шуғулланади. Яқинда ушбу компания мактаблар ва мактаб ўқувчиларини суғурта қилишни бошлади.

Компания вакили Б.Юнусовнинг айтишича, компания ходимлари мактабларга бориб, ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боряпти. Бироқ Халқ таълими вазирлигидан мактабларни суғурталаш тўғрисида расмий рухсатнома олинганига қарамай, ҳозирча Тошкент шаҳридаги бирорта мактаб суғурта қилинмади. Бунинг сабаби шуки, суғурталаш мактаб фонди ҳисобидан амалга оширилиши керак. Мактаблар маъмурияти эса бунга розилик билдирмаётир.
XS
SM
MD
LG