Линклар

Ёшларда тилга қизиқиш борми?


Дилнаво Куни-кеча Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида “Тил ва жамият” мавзусида иккинчи республика илмий-назарий анжумани ўтказилди.

Икки кун давом этган мазкур тадбирда ўзбек тилининг давлат тили мақоми юзасидан баҳс-мунозаралари маърузалар тингланди.

Профессор Ҳамидулла Дадабоевнинг сўзларига қараганда, анжуманда ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш тўғрисидаги қонуннинг бугунги кундаги ижроси, глобаллашув даврида ўзбек тилининг ўзлигини сақлаб қолиш муаммоси кўриб чиқилган. Шунингдек, тилшунос Аюб Ғуломовнинг 90 йиллигига бағишланган ушбу тадбирда олимнинг ўзбек тили ривожига қўшган ҳиссаси, ҳозирги тилшунослар томонидан унинг мероси ўрганилиши масаласи юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Ҳ.Дадабоевнинг таъкидлашича, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан сўнг тилшунослар олдида турган барча муаммолар ҳал бўлиб қолмади. Зеро, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, лотин алифбоси асосидаги янги ўзбек ёзуви қабул қилиниши қилиниши керак бўлган ишлар кўламини янада кенгайтирган.

ЎзМУнинг компьютер лингвистикаси кафедраси мудири, физика-математика фанлари доктори Абдумажид Пўлатовнинг фикрича, мазкур анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсадлардан бирор наф чиқишига кўз етмайди. Чунки кўпчилик ёшлар тил билишга қизиқиш билдирмаётир. Филологларнинг эса аксарияти компьютерда ишлашни билмайди. Бунинг устига, ёшларнинг бир-бири билан муомаласи европаликларникига ўхшаб кетяпти. Уларнинг замон зайлига монанд талабларига қарши чиқиш самара бермайди. Уларга фақат тўғри йўл кўрсатиш афзалроқ.
XS
SM
MD
LG