Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:00

37- билан 38- орасидаги фарқ


Жиноятнинг оғир-енгиллиги, сабаблари ва бошқа бир қатор жиҳатларига қараб, Жиноят кодексининг турли моддаларида ёхуд бир модданинг турли бандларида турлича жазо белгиланган. Судьяларнинг порахўрлари моддалар ва бандлар орасидаги фарқдан усталик билан фойдаланади. Хўш, нима учун сўз юритаяпмиз бу ҳақда?

Гап шундаки, пайшанба куни (14-октябрь) Қирғизистон Республикаси парламентининг махсус қўмитаси мамлакат собиқ вице-президенти, Бишкек шаҳрининг собиқ ҳокими, бир неча йилдан буён қамоқхонада сақланаётган Феликс Қуловнинг аризасини кўриб чиқди.

Феликс Қулов Жўғўрқу Кенеш Қонун чиқарувчилар йиғинининг Суд, ҳуқуқ ва қонунчилик қўмитасига Сўқулуқ туман суди ҳамда Адлия вазирлиги Жазо бошқармаси устидан арз қилган.

Суд унинг ҳибсдан шартли равишда муддатидан аввал бўшатишни сўраб ёзган аризасини қаноатлантирмаган. Суднинг қарорига эса Жазо бошқармасининг Қулов иши бўйича хулосаси асос бўлган. Бошқарма хулосасига кўра, Феликс Қулов панжара ортида 2005 йилнинг ноябригача қолиши лозим.

Қуловнинг фикрича, Суд ҳам, Жазо бошқармаси ҳам унинг ишини кўрар экан, Жиноят-процессуал кодексининг қатор моддалари меъёрларини бузган.

Парламент қўмитаси Феликс Қуловнинг аризасини кўриш жараёнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судининг уни озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмини ўрганиб чиқди.

Қўмита хулосасига кўра, суд 2000 йилнинг 8 майида Қуловни озодлик маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарар экан, совет давридан буён қўлланиб келаётган ҳамда кейин қабул қилинган бир қатор қонунлар меъёрларини бузган. Қўмита хулосасини унинг раиси, депутат Азимбек Бекназаров бундай шарҳлади:

"Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди 2002- йилнинг 8-майида Феликс Қуловга нисбатан ҳукм чиқарар экан, ўша пайтда амалда бўлган 1960-йилги эски Жиноят-процессуал кодексининг 37-моддаси, 3-банди ўрнига 38-моддани қўллаган. Бунинг фарқи бир қарашда билинмайди ҳам. Чунки иккала моддада ҳам "қўшилади", деган сўз бор. Лекин, аслида, фарқ жуда катта" .

Депутат Бекназаровнинг айтишича, 37-модда ҳукмлар йиғиндиси, 38-модда эса, жиноятлар йиғиндисидир.

Хўш, қонунлардан узоқроқ одамнинг тушуниб олиши қийин бўлган бу чалкашлик қандай оқибатга олиб келди?

Келинг, яна депутатнинг ўзига қулоқ тутайлик:

"61-модданинг нотўғри қўлланилгани оқибатида жазони ўташ муддати 2001-йилнинг 26-июлидан бошлаб ҳисоблансин, деб ҳукмда нотўғри ёзилиб қолган. Шунинг учун ҳам Қуловни ҳибсдан шартли равишда муддатидан аввал бўшатишнинг иложи бўлмаяпти. Биринчи Май суди ҳукм чиқараётганида Қуловнинг 2000-йилнинг 22-январидан 8-майигача ҳибсда ўтказган ҳар бир куни икки кун деб ҳисоблансин ва аввалги ҳукм инобатга олинсин, деб қўшиб қўйиш керак эди. Суд бу ишни қилган эмас. 61-модданинг бузилиши мана шунда" .

"Ор-номус" партияси раиси муовини Эмил Алиев: "Қулов ишини кўрган судлар ўз ҳукмларини чиқарар эканлар, атайлаб қонун бузганлар. Уларнинг мақсади Қуловнинг президентлик сайловигача ҳибсда қолишини таъминлаш бўлган,"- деган фикрни билдирди.

Парламентнинг Суд, ҳуқуқ ва қонунчилик қўмитаси
Феликс Қуловга Олий судга арз қилишни тавсия қилди.

Қуловнинг адвокати Любовь Иванова нафақат Олий судга, балки БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилажагини билдирди:

"Мурожаатномамиз тайёр. Уни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бош комиссари идораси вакили Рейн Мюллерсенга топшираман. У 26-октябрь куни Бишкекка келади" .

Парламентнинг Суд, ҳуқуқ ва қонунчилик қўмитаси 1960 йилги Жиноят-процессуал кодекси 59-, 60- ва 61-моддаларининг бундан буён нотўғри қўлланилиши олдини олиш учун махсус шарҳ тайёрлашни Олий суд Пленумига тавсия қилди.
XS
SM
MD
LG