Линклар

logo-print

Ҳоким кетди, ҳоким келди...

  • Садриддин Ашур

15 октбярь куни Фарғона вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этган ушбу сессияда вилоят ҳокими Алишер Отабоев ишдан олинди.

Президент сессиядаги маърузасида таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасида 2003 йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Фарғона вилоятидаги ижтимоий муаммолар ечилмаётгани қаттиқ танқид қилиниб, вилоят ҳокими огоҳлантирилган. Шунга қарамай, вилоятда жиддий ўзгариш сезилмаган.

И.Каримовнинг сўзларига қараганда, мамлакат истиқболини фақат пахта билан боғлаш нотўғридир. Фарғона вилоятида саноатни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд бўлса-да, соҳада олдинга силжиш кузатилмаётир. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ўрта мактаб муаммолари, аҳолини газ ва ичимлик сув билан таъминлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.

“Мутахассисларнинг ҳисоб-китобича, 2000-2003 йилларда вилоят пахтачиликдан тахминан 80-90 миллион доллар зарар кўрган. Агар шу маблағ бой берилмаганда, вилоятда бугун оғир бўлиб турган қанча-қанча ижтимоий масалаларни ҳал қилиш мумкин эди”, деди Президент.

Мазкур сессияда вилоят ҳокими Алишер Отабоев ўз аризасига кўра вазифасидан озод қилинди. Президент тавсиясига кўра унинг ўрнига шу вақтгача қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаётган Шермат Нурматов тасдиқланди.

Жорий йилнинг ўзида, А.Отабоевни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, беш вилоятда ҳоким ўзгартирилди. Жамиятшунослар вилоят ҳокимлари тез-тез алмашаётганини мамлакатда иқтисодий аҳволнинг оғирлиги билан боғламоқда.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг билдиришича, бюджетдаги камомад кўпаяётган, пахта ҳосилдорлиги камайиб бораётган, ишсизлик даражаси ўсаётган шароитда ҳокимларнинг ўз вазифасига лаёқатсизлиги кўриниб қолмоқда. Шунингдек, ҳокимларнинг халқ томонидан сайланмай, юқоридан тайинланаётгани ҳам уларнинг тез-тез алмашишига сабабдир.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, Ўзбекистонда юзага келаётган муаммолар сабабини шахсларга боғлаш одат тусига кирган. Яъни ҳамма муаммога ҳоким айбдор, ҳоким ёмон. Лекин масалага бундай ёндошув нотўғри. Муаммолар юзага чиқаётганига алоҳида шахслар эмас, балки мавжуд тузум айбдор. Агар ҳокимият бошқарувида халқ иштирок этмас экан, муаммолар ечим топмайди.
XS
SM
MD
LG