Линклар

logo-print

“Адвокат-пресс”да цензура кузатилмаяпти


Ҳакимбек “Адвокат-пресс” газетасининг чоп этила бошланганига бир ой бўлди. Шу қисқа фурсатда газета “Муштумзўр миршаблар”, “Судья нохолис бўлса”, “Коррупция кеча ва бугун” каби бошқа нашрларда кузатилмайдиган журъатли мақолалари билан оғизга тушди.

Газетанинг илк сонида босилган “Муштумзўр миршаблар” сарлавҳали мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Милиция формасидаги зўравон Давлатнинг қўлидан йўлакка тортди. У қаршилик кўрсатгач, қўлини мушт қилиб, уй соҳибининг бошига туширди. Дабдурустдан берилган зарбадан Давлатнинг кўз олди қоронғулашиб, ичкари томонга йиқилди”.

“Адвокат-пресс” саҳифаларидан ижтимоий-сиёсий мавзудаги жиддий мақолалар ҳам ўрин олади. Масалан, газетанинг 14 октябрь сонида Бахтиёр Шоҳназаровнинг “ Энг муҳими – халқ дипломатияси” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Қирғизистон парламентида Ўзбекистоннинг Шоҳимардон анклави юзасидан янграётган даъволарга муносабат билдирган. Қирғиз депутатлари Шоҳимардонни Қирғизистонга қайтариб бериш масаласини кўтарган эди. Бу даъволар ҳақида мамлакатнинг деярли бирорта бошқа нашрида ўқимайсиз.

Газета бош муҳаррири Расулжон Ғафуровнинг сўзларига қараганда, “Адвокат-пресс”да чоп этилаётган мақолалардан асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва онгини ўстиришдир. Газетада босилаётган мақолалар юзасидан муштарийлар ҳозирча салбий муносабат билдираётгани йўқ. Аксинча, таҳририятга қилинаётган мурожаатлар сони тобора ошиб боряпти.

Маълум бўлишича, “Адвокат-пресс” газетаси “Адвокат” журнали ўрнида нашр этилмоқда. Хўш, газета журналнинг ўрнини боса оляптими?

Адвокат Дилдора Валиеванинг фикрича, “Адвокат” журнали ҳам ёмон эмас эди. Лекин у бир ойда бир марта нашр этиларди. Газетанинг ҳар ҳафтада чиқиши ва янги маълумотлар тезроқ муштарийлар қўлига бориб етаётгани ижобий ҳолдир.

Адвокат Анвар Бобоқулов газетада ҳозирча чеклов ёки цензура кузатилмаётганини билдирди.

Адвокатларнинг таъкидлашича, чоп этилаётган мақолалар ҳажми каттароқ ва мавзу қамрови кенгроқ бўлса, ижтимоий мавзуларга ҳам катта эътибор қаратилса, “Адвокат-пресс” фақат адвокатларнинг эмас, балки оммавий газетага айланади.
XS
SM
MD
LG