Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий нашрларда Қашқадарё вилоятининг давлатга пахта сотиш шартнома режасини биринчи бўлиб бажарганига бағишланган олқиш мақолалар, шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилажак парламент сайлови ҳақида туркум материаллар эълон қилинди.

Хусусан, “Халқ сўзи” газетасининг 13 октябрь кунги сонида Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг “Тенг, очиқ ва одилона” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Ш.Қудратхўжаевнинг ёзишича: “Республика Олий Мажлисига дастлабки сайловлар 1994 йилда ўтказилган бўлса, у пайтда сайлов кампаниясининг матбуотда ёритилиши масаласи билан шуғулланадиган алоҳида матбуот маркази ёки бирор махсус тузилма бўлмаган… Шу тариқа 1994 йил сайловларни фақатгина учта нодавлат ОАВ ёритган. 1999 йилда эса “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги янги қабул қилинган қонунга кўра МСК янги мақомга эга бўлиб, доимий асосда иш олиб борувчи мустақил идорага айланди. Шундай қилиб, иккинчи чақириқ Олий Мажлисга сайловлар жараёнида Марказий сайлов комиссиясининг махсус матбуот маркази тузилди ва журналистларга ахборот етказиб беришни мувофиқлаштирди”.


“Ҳуррият” мустақил газетасининг 13 октябрь кунги сонида Муҳаббат Ҳамидованинг “Мен ҳаммасини ўқийман, лекин…” сарлавҳали мақоласи босилди. Муаллиф Ўзбекистоннинг “сариқ матбуоти”даги материаллар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиради: “Биз, ўзбеклар, шарм-ҳаёли, андишали халқмиз. Ота-онамиз олдида ҳатто уларнинг набираси, ўзимизнинг боламизни ҳам эркалаб, бағримизга босишга истиҳола қиламиз. Аммо матбуотда шу нарса унутиб қўйиляпти. Миллатимизда беодоблик, айтиш уят бўлган ибосиз хатти-ҳаракатлар бор-барака қилиб ёзиб ташланяпти”.


“Адвокат пресс” газетасининг 14 октябрь сонида Бахтиёр Шоҳназаровнинг “Энг муҳими - халқ дипломатияси” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Қирғизистон парламентида Ўзбекистонга қарашли Шоҳимардон анклави хусусида айтилаётган даъволарга муносабат билдириб, жумладан, бундай ёзади: “Икки республика ўртасида чегара қандай белгиланганига гувоҳ бўлган кекса ёшдагилар Ўзбекистон ССР Президенти Йўлдош Охунбобоевнинг сўзларини яхши эслашади. Гувоҳларнинг айтишича, республика раҳбари “бу ҳудудлар янги республика таркибига ўтгани билан ҳаммамиз битта умумий давлат - СССРда яшаймиз, чегара эса фақат расмиятчилик учун белгиланяпти, холос”, деган гапларни айтган экан. Ҳақиқатан, мамлакатларимиз мустақилликка эришгандан кейин то 2000 йилда виза режими ўрнатилгунга қадар шундай бўлди”.


Газеталарда муштарийлар ҳукмига мамлакатда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 15 йиллигига бағишлаб ёзилган бир неча мақолалар ҳавола этилган. Улардан бири “Миллий тикланиш” газетасининг 15 октябрь кунги сонида чоп этилган. Мақола муаллифи, фалсафа фанлари доктори, профессор Қўчқор Хоназаров бугунги кунда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нечоғли тадбиқ этилаётгани ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Таассуф билан эътироф этишга тўғри келадики, Ўзбекистонда Давлат тили назарияси бўйича кўзга кўринарли иш қилинмоқда, дея олмаймиз. Бу масалада маълум даражада ўта хотиржамлик кайфияти мавжуд. Яратганга минг шукр,- демоқчи бўладилар бамайлихотирчилар,-тилимиз давлат тили даражасига кўтарилди, эркин, ҳеч қандай тўсиқ ёки монеълик сезмасдан ривожланмоқда. Бундан ортиқ бизга яна нима керак?!”

Муаллифнинг таъкидлашича, масалага бундай ёндашув, шубҳасиз, ўзбек тилининг ғализ ибора ва жумлалардан тозаланиши жараёнини тўхтатиб қўяди.
XS
SM
MD
LG