Линклар

Крейг Мюррейнинг чақириб олиниши - ҳуқуқ ҳимоячилари учун катта йўқотиш


Шайбон Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси Крейг Мюррейнинг Лондонга чақириб олинганини ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар вакиллари салбий қабул қилди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги эндиликда собиқ элчиси К.Мюррей 2002 йил октябрда “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси очилиш маросимида илк бор кўпчиликнинг эътиборига тушган эди.

“Ўзбекистонни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий конвенциясини имзолагани учун олқишлаш мумкин. Аммо, таассуфки, олинган мажбуриятлар билан унинг бажарилиши орасида улкан жарлик бор. Яқинда Ўзбекистонда маҳбуслар қийноққа солинаётгани муаммоси жаҳон ҳамжамияти диққат марказига тушди. Қайноқ сувга солиб ўлдирилган Авазов ва Олимов билан боғлиқ воқеа халқаро ҳамжамиятни жиддий ташвишга солди. Бу якка, алоҳида ҳодиса эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз”, деган эди ўшанда элчи.

Шундан сўнг унинг атрофида мамлакатдаги мухолифат аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тўплана бошлади. К.Мюррей уларнинг яқин кишиси, маслаҳатгўйига айланди.

Шу боис, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги К.Мюррейни Ўзбекистондан чақириб олгани мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат аъзолари томонидан салбий қабул қилинди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, К.Мюррей Ўзбекистонда қийноқлар бўлаётгани, диний эътиқод учун тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақида чиқишлар қилган. Унинг элчиликдан четлатилиши инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари учун катта йўқотишдир.

Демократик ташаббуслар маркази раиси Искандар Худойберганов Буюк Британия ҳукумати тутган йўл мутлақо тушунарсиз эканини таъкидлади.

“Инсон ҳуқуқлари масаласи бир мамлакатнинг ички иши эмас. Буни демократия ҳақида тинимсиз гапираётган Британия ҳукумати ҳам билади. Шундай экан, нима сабабдан Ўзбекистонда демократия йўқлиги ва яқин ўртада бўлмаслигини айтаётган шахснинг оғзини ёпишга уринмоқдалар? Назаримда Буюк Британия ҳукумати катта хатога йўл қўймоқда”, деди И.Худойберганов.

К.Мюррей ўтган йили ҳам соғлиғи ёмонлашгани ваъжи билан, сўнг эса маълум қилинмаган сабаблар билан Лондонга чақириб олинган эди. Бундан норози бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасини пикет қилиб, элчининг қайтиб келишини талаб қилганди. Шундан сўнг кўп ўтмай К.Мюррей Тошкентга қайтиб келганди ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги чиқишларини давом эттирганди.

Бироқ бу сафарги чиқишлар аввалгиларидан кўра кескинроқ бўлганди.

“Энг катта муаммо шундаки, маҳаллий халқ тобора умидсизланиб бормоқда. Зеро, улар вазият тобора ёмонлашиб бораётганини, эркинликка эга эмаслигини англаб етди. Оддий халқ борган сари қашшоқлашаётгани ҳам уларга яхши аён. Аммо газеталарда улар гўё жаннатда яшаётгани ҳақидаги мақолаларни учратмоқда”, деган эди элчи 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган маросимда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовнинг фикрича, К.Мюррей Ўзбекистондаги мавжуд тузимга хавф солаётган эди. Унинг Тошкентдан кетиши мамлакатдаги демократия сари ҳаракатлар учун катта йўқотиш ва тўсиқдир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари К.Мюррей сўнгги пайтларда оддий халқ қалбидан ҳам жой ола бошлаганини эслайди. Уларнинг айтишича, элчи яшаган маҳалла аҳли унинг иштирокисиз тўй ва бошқа маросимлар ўтказмас эди. Унга бўлган бу муҳаббат К.Мюррейнинг бир чиқишда: “Ўзбекистон халқи бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан аҳмоқроқ эмас. Қолаверса, ўзбек халқи ҳам бошқа халқлар сингари эркинликни истайди”, деган гапларидан сўнг пайдо бўлган.
XS
SM
MD
LG