Линклар

Халқаро Амнистия Ўзбекистонда ўлим жазосига ҳукм этилган икки маҳбус ҳақида ташвишланмоқда

  • Ҳасанжон

Тошкент шаҳар суди Ўзбекистон фуқаролари Содиқ Қодировни 2003 йил 7 декабр ва Шуҳрат Ориповни 2004 йил 6 январда иккита алоҳида воқеа бўйича қасддан одам ўлдирганликда айбдор, деб топиб ўлим жазосига ҳукм қилгани ҳақида илгариги маълумот берган эдик. Шуҳрат Ориповнинг онаси 14 октябр куни ўғли билан учрашиш учун қамоққа борганида қамоқхона нозирлари уни онаси билан учраштирмаган. Бундан хабар топган Лондондаги Халқаро Амнистия ташкилоти, 15 октябр куни баёнот эълон қилди. Унда ташкилот Ўзбекистон ҳукуматини Қодиров ва Ориповга белгиланган жазо ижро этилмаслигига чақирган.

Халқаро Амнистия икки ўзбекистонликка белгиланган ўлим жазоси ижро этилиши мумкинлиги юзасидан жиддий ташвиш билдимоқда.

Ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича мутахассиси Анна Сандер-Плассман Озодлик мухбири билан суҳбатда Шуҳрат Ориповнинг яқинлари ўтган жума куни у билан учрашиш учун қамоққа борганида учрашув бекор қилинганини айтади. Анна Сандер-Плассманга кўра, шу сабабли Халқаро Амнистия Шуҳрат Орипов қатл этилган бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушган:

”БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси жазо ижросини тўхтатиб туришни тавсия қилганига қарамай, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати 14 маҳбусни қатл этгани. Бу ихтиёрий Протоколининг қўпол равишда бузилиши, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси тафсияларига риоя қилиш тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати берган ваъдага ҳам зид“ - дейди Халқаро Амнистия вакили.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро конвенциянинг ихтиёрий Протоколини имзолаган. Мазкур хужжатни имзолаш орқали ҳукумат БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бирон ишни кўриб чиқаётган пайтда айбдор шахсни қатл этимаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган. БМТ Қўмитаси жорий йилнинг 18 майида Шуҳрат Орипов иши юзасидан шу ҳақда баёнот эълон қилган.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” номли Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Дилобар Худойберганованинг Халқаро Амнистияга билдиришича, яқинда унинг ташкилоти ўлим жазосига ҳукм этилган маҳбуслар қамоқхона нозирлари томонидан қаттиқ калтаклагани ҳақидаги маълумотни қўлга киритган. Худойберганова фикрича, Шуҳрат Орипов ҳам калтакланган бўлиши ва унга етказилган тан жароҳатини яқинларига кўрсатмаслик учун қамоқхона нозирлари учрашувга рухсат бермаган бўлиши мумкин.

Анна Сандер-Плассман Озодлик радиосига Халқаро Амнистия ўлимга ҳукм этилган Содиқ Қодиров иши юзасидан ҳам жиддий ташвишда эканини айтади:

”Биз Содиқ Қодиров иши юзасидан ҳам жиддий ҳавотирдамиз. У ҳозирда Тошкентдаги қамоқхонада ўлим жазосини кутмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси унинг ишига ҳам аралашиб, жазони ижро этмасликни ҳукуматдан сўраган. Аммо биз Ўзбекистон ҳукумати уни ҳам қатл этиши мумкинлигидан чуқур ташвишдамиз“.

Содиқ Қодировнинг онаси айтганига асосланиб Анна Сандер-Плассманнинг маълум қилишича, 14 октябр куни Тошкентдаги қамоқхонада бўлиб ўтган учрашувда Содиқ онасига ўзининг қийноққа солингани, зўрлангани ва калтакланганини айтган. Шунингдек, учрашув пайтида Содиқ ўз онасига яқинда расмийлар билан учрашганини ва улар Содиққа 12 ноябрдан кейин яшамаслигини маълум қилганларини айтган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини Содиқ Қодиров қийноққа солингани ва унинг ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги арзлар юзасидан текширув тугамагунича суд ҳукмини ижро этилмасликка чақирган.

Халқаро Амнистия вакилига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ташкилотнинг жума куни эълон қилган баёнотига ҳозиргача жавоб бермаган:

”Ўтган ҳафта охирида зудлик билан ҳаракат қилиш тўғрисида биз баёнот эълон қилиб, унда Ўзбекистон ҳукуматига шу кишиларга белгиланган жазо ижросини тўхтатишни ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан берилган тафсияларни бажаришни сўраб мурожаат қилдик. Аммо сўровимизга ҳозиргача Ўзбекистон ҳукуматидан жавоб олганимиз йўқ“ - дейди Анна Сардер-Плассман.

Халқаро Амнистия яқинда эълон қилган ҳисоботда собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида фақат Беларус ва Ўзбекистон ўлим жазосини ҳамон қўллаётган давлатлар экани билдирилган.

Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан бошқа республикаларида ўлим жазоси бекор қилинган ёки унга мораторий эълон қилинган, яъни жазони ижро этиш тўхтатиб қўйилган. Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, агар Беларус ва Ўзбекистон ўлим жазосига мораторий эълон қилса, Европа ва Марказий Осиё ўлим жазосидан ҳоли зонага айланади.
XS
SM
MD
LG