Линклар

Таблиқчилар устидан ҳукм ўқилди


Турғунбек Андижонда “Таблиқ” диний жамоасига аъзоликда айбланаётган 11 фуқаро устидан қарийб икки ой давом этган суд жараёни ниҳоясига етди ва уларга суд ҳукми ўқилди.

18 октябрь куни Андижон вилояти жиноят ишлари суди чиқарган ҳукмга кўра, айбланувчилардан 10 нафарига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-прим бандига биноан (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 5 йилдан қамоқ жазоси белгиланди. Улар жазони умумий тартибли колонияда ўтайдиган бўлди. Бир судланувчи эса жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қамалганларнинг 4 нафари олий маълумотли бўлиб, бири 54 ёшдадир. Қолганлари 25 дан 40 ёшгача.

Суд жараёнини кузатиб борган Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти Андижон вилояти бўлими раиси Лутфулло Шамсиддиновнинг сўзларига қараганда, айбланувчилар барча суд мажлисларида ўзлари ҳеч қандай диний жамоага аъзо эмаслиги айтган. Лекин судья бу гапларни инобатга олмаган ва уларнинг олдиндан тил бириктириб тузилган диний жамоа аъзоси бўлганини таъкидлаган.

Суд жараёнини кузатиб борган маҳаллий диний уламолардан бирининг билдиришича, оддий диндорни динни ниқоб қилиб олган жангариларга тенглаштириш хатодир. Айни пайтда ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баробар ёнади, қабилида иш олиб борилмоқда.

Хабарларга кўра, Пахтаобод туманидаги Уйғур қишлоғида истиқомат қилувчи, 1955 йилда туғилган, беш фарзанднинг отаси Абдулҳамид Исаев шу йилнинг 20 сентябрида ҳибсга олинган. Оила аъзоларига 25 кунгача бу ҳақда хабар қилинмаган. Яқинларининг узоқ суриштирувидан кейин А.Исаев “Таблиқ” диний жамоасига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олингани маълум бўлган. Бу эса таблиқчилар устидан суд жараёни яна давом этишидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG