Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:15

"Белорусбоши"


"Якшанба, 17 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайлови ҳамда референдум президент Лукашенканинг тўла ва мутлақ ғалабаси билан якунланди". Бу бир фикр. Президент Лукашенка ва унинг тасарруфидаги матбуот фикри. Бошқа фикр ҳам бор. Россиянинг "Назависимая газета"си уни биттагина сўз билан ифода қилди: "Белорусбоши". Бу сўз замирида ётган маънони зукко тингловчимизга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Сиёсий мухолифат фикрини ифода этар экан, мамлакатнинг собиқ президенти Станислав Шушкевич Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб бераётиб, натижалар қандай бўлишини ҳам, МДҲ кузатувчилари қандай баҳо беришини ҳам олдиндан биламиз, деган эди.

Бу гапни Шушкевич референдум натижалари эълон қилиниб-қилинмай айтган эди. Орадан 3-4 соат ўтиб, натижалар эълон қилинди ва Шушкевич ҳақ бўлиб чиқди: МДҲ кузатувчилари референдумнинг қонун доирасида ўтганини таъкидлашди.

Референдум натижаларига кўра, Лукашенканинг яна бир марта президентликка ўз номзодини қўйишига имкон пайдо бўлди. Бу масалада референдум ўтказилишига аввал-бошданоқ қаршилик билдириб келган мухолифатчилар эса душанба куни норозилик намойиши уюштирди. Намойиши иштирокчиларини милиция ходимлари калтаклади. Намойиш бостирилди.

Беларусда ўтказилган референдумга ўз муносабатини душанба куниёқ бир қатор халқаро ташкилотлар билдирган эди. Бу воқеага муносабатлар бугун, 19 октябрда ҳам билдирилди. Масалан, бугун АҚШ Давлат Департаменти вакили Ричард Баучер Беларусда бўлиб ўтган Парламент сайлови ва референдум халқаро нормаларга мос келмагани ҳақида гапириб, жумладан бундай деди:

“Биз Беларус халқига ўз истагини эркин ва адолатли равишда билдириш имконияти берилмаганидан чуқур афсусдамиз. Овоз бериш жараёни ва овозларни ҳисоблаш чоғида ҳукумат томонидан бир қатор жиддий қонунбузарликлар қилингани халқаро кузатувчилар томонидан қайд этилган. Бизга маълумки, референдум кунида овоз бериш участкаларида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари бутунлай бошқа манзарани акс эттирмоқда”.

Бугун Европа Комиссияси ҳам Беларусда ўтказилган референдумга ўз муносабатини эълон қилиб,
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг хулосасига қўшилишини билдирди. Бу ташкилотнинг референдумни "адолатсиз ўтди, сайловчи эркинлиги чекланди", деб берган баҳоси билан 18 октябрь куни тингловчини таништирган эдик.

Европа Комиссиясининг матбуот котиби Emma Udwin бундай деди:

"Сайлов ва референдум эркин ва адолатли ўтмайди, деб ташвишланган эдик. Шуниси ачинарлики, натижалар ташвишларимиз асоссиз бўлмаганлигини исботлади".

Еврокомиссия вакили Emma Udwinнинг фикрича, референдумнинг адолатсиз ўтказилгани Европа Иттифоқи – Беларус муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин. "Шу кунда, - дейди у, - Европа Иттифоқи яқин қўшнилари билан ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ишларини ниҳоясига етказай, деб қолди. Бу дастур доирасида Украина ва Молдова билан алоқалар кенгайиши мумкин, бироқ Беларус билан эмас".

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Беларусдаги вазиятга қай даражада жиддий ёндошаётганликларини бу мамлакатлар вакилларининг 19 октябрь куни Брюсселда ўтказган учрашувида ҳам Беларус референдуми масаласи муҳокама қилинганидан билиш мумкин. Исми айтилмаслигини сўраган дипломатнинг билдиришича, учрашувда Европа Иттифоқининг президент Лукашенка ва Беларуснинг бошқа олий даражали амалдорларига нисбатан санкциялар қўллаши мумкин.
XS
SM
MD
LG