Линклар

Владимир Путин: Ироқдаги ҳужумлар АҚШ Президенти Жорж Бушга қаратилган

  • Ҳасанжон

2 ноябр куни АҚШда Президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Президентликка даъвогар демократ Сенатор Жон Керри ва республикачи Президент Жорж Бушнинг сайловолди кампанияси якуний паллага кирди. АҚШ дунёдаги ягона қудратли давлат бўлгани учун унинг ташқи сиёсати дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятга катта таъсир ўтказади. Шу сабабли халқаро жамоатчилик, жумладан МДХ давлатлари ва унинг раҳбарлари АҚШдаги сайловлар жараёнини диққат билан кузатиб бормоқда. АҚШдаги Президентлик масаласи хатто Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг Душанбе учрашувида ҳам кўтарилди. Саммит якунида ўтказилган матбуот конференциясида журналистлар саволига жавоб берган Россия Президенти Владимир Путин Ироқда жанггарилар ҳужум уюштириш орқали Жорж Буш обрўсига путур етказиб, унинг президентликка қайта сайланмаслиги учун ҳаракат қилаётганини баён қилди. Кузатувчилар фикрича, бу орқали Путин Жорж Бушнинг АҚШ Президентлигига қайта сайланиши тарафдори эканига ишора қилган.

Россия Президенти Владимир Путин Душанбеда қилган баёнотида АҚШ Президентлигига қайси даъвогар сайланишини хоҳлашини очиқ айтмади. Бироқ у Америка халқи кимни Президент этиб сайласа, ўша номзодни қабул қилишини билдирди.

Шу билан бирга Путин Бушнинг сайловларда мағлубиятга учрашини террорчилар ғалабаси билан тенглаштирди:

”Халқаро терроризм Президент Жорж Бушнинг иккинчи марта Америка Президенти этиб сайланишига йўл қўймасликни ўзига мақсад қилган. Агар улар ўз мақсадига эришса, улар албатта ғалабани нишонлайди. Америка ва маълум даражада терроризмга қарши курашаётган халқаро коалиция кучлари устидан ўзлари учун муҳим бўлган тактик ғалабага эришганини нишонлайди“ - деди Россия раҳбари.

Кузатувчилар фикрича, Владимир Путиннинг сўзлари унинг айнан Буш президентликка қайта сайланиши тарафдори эканини кўрсатади.

АҚШдаги “Wall Street Journal” газетасининг 19 октябр кунги сонида ёзилишича, Россия Президенти ва унинг маслаҳатчилари Жорж Бушни прагматик раҳбар сифатида кўради. Агар Керри президентликка сайланса, у Россияга нисбатан сиёсатини ўзгартириб, Кремлнинг Чеченистонда олиб бораётган сиёсати, мамлакатда демократик жараёнларнинг ортга кетаётгани ва бошқа масалаларда танқид қилиши мумкин.

Москвадаги Карнеги марказининг сиёсий масалалар бўйича таҳлилчиси Мария Липман Озодлик мухбири билан суҳбатда шу фикрга қўшилишини айтади. Таҳлилчига кўра, Путинни Жорж Буш раҳбарлигидаги ҳозирги республикачи Оқ Уй маъмурияти қониқтиради. Чунки:

”Ҳозирги Оқ Уй маъмурияти Россияда кечаётган сиёсий жараёнларни танқид қилмайди. Сиёсий жараёнлар деганда мен, Россиядаги демократия, хусусан сўнгги пайтларда демократик жараёнлар анча сустлашгани ва албатта, Чеченистон урушини назарда тутяпман. Ҳақиқатан ҳам, 11 сентябр воқеаларидан кейин Буш Россиянинг Чеченистонга нисбатан сиёсатини умуман танқид қилмай қўйди“ - дейди россиялик таҳлилчи.

Путинга кўра, Ироқ уруши масаласида Россия ва Америка ўртасида келишмовчилик борлигига қарамай, халқаро терроризмга қарши курашда икки мамлакат ҳамкорлик алоқаларини яхши йўлга қўйган. Масалан, АҚШ Афғонистонда ҳарбий амалиётларни амалга ошириши учун Россия Америка аскарларининг Марказий Осиёга жойлаштирилишига қаршилик қилмаган.

Мария Липманга кўра, Путиннинг Буш билан шахсий муносабати яхши ва у ана шу муносабат давом этишини хоҳлайди:

”Путин Буш билан яхши муносабат ўрнатган. Унинг ўрнида бошқа раҳбар бўлганида ҳам янги алоқа ўрнатишдан кўра, мавжуд бўлган яхши муносабатни давом эттиришни афзал кўhган бўларди“ - дейди россиялик таҳлилчи.

Владимир Путин Жорж Бушнинг АҚШ Президенти этиб иккинчи марта сайланишини хоҳлаётган дунёдаги ягона давлат раҳбари эмас. Исроил Бош вазири Ариел Шарон Яқин Шарқда ўзининг мунозарали сиёсатини давом эттириши учун Бушнинг қайта сайланишини хоҳлайди. АҚШнинг Ироққа қарши урушини қаттиқ туриб ҳимоя қилган Британия Бош вазири Тони Блэрнинг сиёсий келажаги, шунингдек, халқаро терроризмга қарши курашда АҚШга яқин иттифоқчи бўлган Покистон Президенти Парвез Мушаррафнинг келажаги ҳам кўп жиҳатдан Жорж Бушнинг иккинчи марта АҚШ Президенти этиб сайланишига боғлиқ.
XS
SM
MD
LG