Линклар

БМТ ваколатхонаси пикет қилинди

  • Садриддин Ашур

20 октябрь куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва қашқадарёлик оддий фуқаролар томонидан пикет қилинди. Улар сиёсий ва ижтимоий талаблар билан чиқди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда пикетлар анча камайиб қолганди. Лекин бу сафарги норозилик чиқиши айнан дунёда энг нуфузли ташкилот – БМТ ваколатхонаси олдида ўтказилди.

Пикет иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовнинг сўзларига қараганда, бошқа жойларда пикет қилишга ички ишлар ходимлари йўл қўймаётир. Улар ҳуқуқ ҳимоячиларини уйларидан чиқишга қўймаяпти. БМТ ваколатхонасини пикет қилишга ҳам ҳуқуқ ҳимоячилари яширинча чиққан.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг таъкидлашича, ваколатхона олдида норозилик чиқиши ташкил этилишидан мақсад ушбу ташкилот эътиборини Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларга, яъни фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари бузилаётганига қаратишдир.

Пикетчиларнинг бир қисми Ўзбекистонда мухолифатдаги партиялар рўйхатга олиниши талаб қилди ва фуқароларни бўлажак парламент сайловига бойкот эълон қилишга чақирди.

“Озод деҳқонлар” партияси аъзоси Баҳодир Намозовнинг айтишича, мухолифатдаги партиялар қатнашмаётган сайловни сайлов деб бўлмайди. Декабрда бўлиб ўтадиган сайловда қатнашаётган партиялардан бирортаси ҳукуматнинг чизган чизиғидан чиқмайди. Бу эса парламент сайлови адолатли ўтмаслигидан дарак беради.

Пикетда Қашқадарё вилоятидан келган етти аёл ва 3-4 эркак ҳам иштирок этди. Маълум бўлишича, улар баҳорда Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир этилган портлашларда алоқадорликда айланиб судланаётганларнинг ота-оналари, яқин қариндошларидир. Улар суднинг адолатсиз ўтаётгани, судланувчиларнинг айби умуман исботланмаган бўлса-да, оғир жазо тайинланиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Қашқадарёлик Бўстон Болтаеванинг маълум қилишича, ўғли Рустам Қиличев Қаршидаги Наво масжидида 4 йил давомида имом-хатиб вазифасида ишлаган. Ўз фаолияти давомида жазони ўташ муассасаларида бўлиб, у ердаги ёшларни “Ҳизбут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик ғояларидан қайтишга ундаган. Бугун эса унинг ўзига шундай айблар қўйилиб, етти ойдан буён ҳибсда ётибди.

“Ўғлимга қўйилаётган айблар мутлақо асоссиз. Мен бу ҳақда Миллий хавфсизлик хизматига ҳам айтганман. Шунга қарамай, фарзандимга асоссиз жазо берилса, мен охирги чора сифатида ҳукм ўқилгандан сўнг МХХ олдида ўзимга ўт қўяман”, деди Б.Болтаева.

Пикет бир ярим соат чамаси давом этди. Бироқ норозилик иштирокчилари олдига БМТ ваколатхонасидан ҳеч ким чиқмади.
XS
SM
MD
LG